"Биз фақат нақдига ишлаймиз!"

Ҳолат шуки, Самарқандда пул кўчириш йўли билан ана шу хизматни амалга оширадиган корхона топиш амри маҳол экан.

Дўконини байрамга монанд ёритишни истаган тадбиркор бир нечта кишига учрашиб, "Биз фақат нақд пулда ишлаймиз", деган гапни эшитганини айтгач, ўзимиз ҳам қизиқиб кўрдик.

Айни кунларда деярли барча дўконларда сиз истаган ёритиш ускуналари бор. Фақат уни бинога ўрнатишни ўзингиз ҳал қилишингиз керак. "Осони "монтёр" топасиз", дейди сотувчилардан бири. Аммо бу биринчидан, кафолатсиз, иккинчидан, норасмий, шартнома тузиб, пул кўчиришнинг иложи йўқ.

Аслида айни шу каби хизматларни бажариши керак бўлган "Самарқанд-нур" давлат ишлаб чиқариш корхонаси бор. Бир-икки йил олдин худди шу хизмат бўйича мурожаат қилиш мумкин бўлган Самарқанддаги ягона ушбу корхонада ҳам етарли техник база йўқлиги танқид қилинган эди.

Ҳозир мутахассисларимиз ҳам, техникаларимиз ҳам етарли, – дейди "Самарқанд-нур" корхонаси бош муҳандиси Исроил Яруллаев. – Байрам олдидан худди сиз айтган хизмат бўйича жуда кўп мурожаатлар бўлади. Шартнома тузиб, маблағ тушумини ошириш яхши, албатта. Аммо тан олиш керак, биз бу мурожаатларнинг ҳаммасини қабул қилолмаймиз. Чунки давлат буюртмалари бўйича қиладиган ишларимиз ниҳоятда кўп, улгуролмаймиз барчасига.

Ҳақиқатан ҳам, байрам олди бу хизматга талаб жуда юқори. Ёритиш ускуналарини ўрнатиб берадиганлар ҳам оз эмас. Аммо уларнинг аксарияти рўйхатдан ўтмасдан ишлагани учун асосан, оғзаки, нақд пулда келишишингизга тўғри келади. Яна ноқонуний пул йиғиш, яна ўғрилик.

Биноларни ёритиш бўйича интернет орқали сўровимизга ҳам 15 та корхона манзили, телефон рақамлари чиқди. Барчаси расман рўйхатдан ўтган корхоналар. Гап шундаки, уларнинг бирортаси Самарқанд шаҳрида эмас. Асосан Тошкент шаҳрида. Биргина Тошкент шаҳрида шунча корхона бўлгани ҳолда Самар­қандда ҳали-ҳамон бу хизматнинг муаммо экани тушунарсиз.

Мутахассислар буни шундай изоҳлашди: "Бу хизматни йўлга қўйиш учун корхона очиш, расман рўйхатдан ўтиш ва солиқ қонунчилигига амал қилиш керак. Аммо табиийки, 20-25 кунлик мавсум учун ҳеч ким корхона очиб, расмий фаолият юритишни хоҳламайди. Чунки корхонаси 11 ой "дам олиши" керак. Тан олиш лозим корхонанинг ҳужжатларини тайёрлаш учун кетадиган вақтда мавсум ўтиб бўлади. Қачонки, талаб бўлса, таклиф берувчилар ўз ўзидан шаклланади. Нафақат ёритиш ускуналари ўрнатиш билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркор, балки катта-катта корхоналар ишга тушадиагар йил давомида талаб бўлса. Янаям бошқача айтсак, биз ўзимиз шаҳримизни, биномизни энергия тежамкор ускуналар ёритиб туришини истасак. Ваҳоланки, биноларимизни кечаси файзли, оқшомимизни нурафшон қиладиган бу имконият сизу бизга қимматга тушмайди. Энерготежамкор тизимда ишловчи бу ёритқичлар бор-йўғи 6-12 вольтда ишлайди, холос. Ахир Тошкентда оддий кўп қаватли уйлар ҳам кечаси ёритилади. Ҳисоблаб кўринг: бизда бундай уйлар қанча. Бу бинолар йил давомида оқшомлари ёруғ, чиройли бўлиб турса ёмонми?

Дарвоқе, суриштириб Самарқанд шаҳрида битта ана шундай корхона борлигини билдик. Аммо боғланиб, гаплашишнинг ҳеч иложи топилмадибайрамгача ниҳоятда банд бўлишаркан. Демак, талаб ошиб бормоқда. Беш-олтита корхона очиб, ўнлаб янги иш ўринлари яратиш вақти ҳам келди, назаримизда.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.