"Биз ҳамқишлоқмиз, биласизми?"
Устоз журналистнинг яна бир усули бор. Қайси маҳалла, вилоятнинг олис қишлоғига бормасин, албатта, ўша ерда истиқомат қилган, халқ орасида ҳурмат қозонган инсонлар ҳақида гапиради. Бунинг учун атай манба титкиламайди, сўраб-суриштирмайди. Қарийб қирқ йиллик меҳнат фаолияти давомида вилоятимизнинг деярли барча гўшаларини кўрган, қанчадан-қанча одамлар кўрсатув, лавҳалари қаҳрамони бўлган. Қувваи ҳофизасининг яхшилиги сабаб бу одамларни ёдида сақлайди. Ўша қишлоққа борганида суҳбатни шу одамларнинг яхши ишларидан бошлайди. Улар фаолиятидан хабардорлар суҳбатдан яйраб завқ олади, бугунги кун қувончларию муаммоларини бемалол айтиб берадилар.
Ҳа, яхши журналист нафақат инсонлар билан осон мулоқот қилади, балки атрофидаги одамлар, раҳбарларнинг нуқсонини ҳам киноя, тагдор сўзлар билан айтиб, уларни сергак торттиради. Абдурасул Ашуровда барча журналистга хос бўлмаган бу каби хусусиятлар шаклланган.
Абдурасул ака Иштихоннинг Мопар қишлоғида туғилиб ўсган. Тошкентда журналистика сабоғини олган. Нуробод туман газетасида фаолиятини бошлаб, мана 36 йилдирки, вилоят телерадиокомпаниясида меҳнат қилмоқда.
– Абдурасул аканинг саъй-ҳаракатлари билан телевидениеда "Ватан саждагоҳ каби муқаддас", "Ватан ягонадир...", "Самарқанд сайқали", "Маҳалла – мўъжаз Ватан", "Ўзбекистон – умумий уйимиз", "Қадрият", "Муқаддас бурч", "Ватанимга хизмат қиламан" каби қатор кўрсатувлар ташкил этилган, – дейди Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси директори Ф.Тўраев. – Бу кўрсатувлар орқали ҳудуд ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётига доир янгиликлар, жамиятдаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечими хусусида таҳлилий материаллар бериб борилмоқда.
Шунингдек, "Боғибаланд анжирлари", "Она тилим – жону дилим", "Борингизга шукур", "Саломат бўлинг", "Олтин васвасаси", "Қоракўлчилик истиқболлари" каби кўрсатувлари телетомошабинлар томонидан эътироф этилган.
А. Ашуров Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси сифатида соҳа ривожига, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшиб келмоқда. Бугунги кунга қадар 50 дан ортиқ шогирдлари шу соҳада самарали меҳнат қилаётир. Меҳнатлари муносиб эътироф этилиб, республика, вилоят миқёсидаги ижодий танловларда фахрли ўринларни эгаллаган. 2007 йилда "Шуҳрат" медали билан мукофотланди. Уч нафар фарзанднинг отаси, оилада ҳам муносиб муҳит ярата олган инсон.
Устоз журналистни қутлуғ олтмиш ёши билан муборакбод этиб, жўшқин ижодий фаолияти бардавом бўлишини истаймиз.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.