Биз кундалик фойдаланиб келаётган нарсаларни ким ўйлаб топган?
Биз кундалик фаолиятимизда кўп нарсалардан фойдаланамиз, уларни кўрамиз ва биламиз. Баъзан ўзимизга бу нарсани ким ихтиро қилган экан, у нима оқибатида ва қандай пайдо бўлган, деган саволни берамиз. Бугун дунёга машҳур ихтироларнинг озгина қисмининг келиб чиқиши тўғрисида сўз юритамиз.
Маҳсулотларни музлатиб қўйиш
Америкалик ихтирочи, тадбиркор ва табиатшунос Кларенс Франк Бёрдсай II замонавий озиқ-овқатларни саноатда музлатиб қўйиш ғояси муаллифи ҳисобланади. 1912 йилдан 1915 йилгача у Ньюфаундлендда бўлган ва -40 даражадаги совуқда тутган балиғи шу заҳоти музлаб қолганини ва эритилганда таъми бузилмасдан, ҳозиргина тутилган балиқдек бўлганини аниқлади.
Шунингдек, Бёрдсай тижорий мақсадда фойдаланишга мослаштириб тез музлатиш усулини жорий қилди. 1929 йилда унинг компанияси йигирма етти турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини – гўштдан тортиб балиққача, резавор мевалардан нўхат ва исмалоққа қадар музлатиш, сақлаш ва қадоқлаш технологиясини саноат миқёсига етказиб тўлиқ қувват билан ишлай бошлади.
Уяли алоқа ва Wi-Fi
Бунга ишониш қийин, бироқ 1941 йилда актриса Ҳеди Ламарр эфир частотасини динамик равишда ўзгартириш натижасида душман алоқасини қийинлаштирадиган махфий-ҳарбий алоқа мосламасига патент олди. Ҳозирги кунда мобиль телефонлар ва Wi-Fi қурилмалари шунга асосланган.
Автомобиль ойнатозалагичи
Узумчи-боғбон Мэри Андерсон 1903 йилда қор бўрони пайтида машина олд ойнасидаги қорни белкурак билан олиб ташлаш учун ҳар дақиқада машинани тўхтатишга мажбур бўлган ҳайдовчига эътибор қаратди. Шундан сўнг у машина ичидан дастак орқали бошқарилиб, олд ойнанинг ташқи томонида ўрнатилган артгич резина - автомобиль ойнатозалагичини ихтиро қилди.
Кийим илгак (вешалка)
1903 йилда сим заводида ишлаган Альберт Паркхаус ишчиларнинг доимий равишда пальтоларига илмоқ йўқлиги ҳақидаги шикоятларига жавобан кийим илгакларни ихтиро қилди. 1932 йилда ҳўл кийимлар осилиб, ғижимланиб қолмаслиги учун илгакларга картон қўшилди, шу тариқа катта ҳажмли илгаклар пайдо бўлди.
Бир марта ишлатиладиган стакан
Физик Хью Мур эътиборини ичимлик суви бочкаларига занжирга боғлаб қўйилган кружка тортди, негаки ундан ҳамма сув ичарди. Ушбу кружка инфекциянинг тарқатувчиси эканлигини исботлагандан сўнг, уни бир марталик қоғоз стаканларга алмаштиришни таклиф қилди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.