Биз ўзгаряпмизми? Замона зайли барчамиздан яшаш масъулиятини оширишни талаб этаётир
Айримларга эриш туюлган бу саволларни бекорга ўртага ташламадим. Минг афсуски, кўплаб юртдошларимиз яшаш масъулиятини юқорида айтганимиздек тушунишади.
Ваҳоланки, юртимизда яшаб ўтган барча алломалар ҳаёти ва мероси бизга бу масъулиятни бутунлай бошқача англатган. Алишер Навоий ҳазратлари бундан қарийб олти аср илгари ипак қуртининг то пиллага айлангунга қадар бажарадиган ҳаракатларини тасвирлар экан, "Ипак қуртичалик ҳимматинг йўқми?" деганларида яшаш масъулияти – бу аввало, жамият олдидаги бурчни бажариш эканини назарда тутмаганмиди? Ёки бўлмаса, Сулаймон Боқирғонийнинг ушбу мисраларига эътибор беринг:
Наки қилсанг ҳаётингда, асиғ қилмас
мамотингда,
Мамотинг қилмаса роҳат, на осиғдур
ҳаётингда.
Яъни, тириклигингда қилган ҳаракатинг агар охиратингга фойда (осиғ) келтирмаса, у ҳаётдан сенга не наф.
Инсоният пайдо бўлибдики, унинг ҳаёти ўз нафсини бошқариш билан ўтади, деган экан донишмандлардан бири. Ўз нафсини тия олган киши бошқаларга ибрат бўла олади.
Президент Ш.Мирзиёевнинг бугунги сиёсати ҳам алломаларимизнинг айнан ана шу фалсафасига асосланган. Жумладан, у кишининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида шундай жумлалар бор:
"...бу ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзимиз ҳаракат қилмасак, ҳеч ким бизга беғараз ёрдам бермайди.
...ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта, етамиз".
Бинобарин, бу осон иш эмас. Одамларнинг ўз ҳаётига, меҳнатга муносабатини ўзгартириш йирик корхона қуришдан-да қийинроқ. Аммо айрим ривожланган давлатлар халқи бу ишнинг уддасидан чиқяпти. Демак, мумкин экан. Қолаверса, Президент "Бу борада мен аввало, кўп синовлардан ёруғ юз билан ўтган олижаноб халқимизнинг мустаҳкам иродаси ва бунёдкорлик салоҳиятига ишонаман", деди.
Президент шунчаки ишонч билдираётган эмас. У киши давлат органлари эътиборини халқ эҳтиёжига қаратяпти. "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да бу борада нечоғлик ишлар қилинганини ҳаммамиз кўрдик. Зеро, Юртбошимиз режадан ортиқча маҳаллий солиқ тушумларини вилоят ва туманлар ихтиёрида қолдирилишини шарҳлаш чоғида Президент ташвиши кўпайса-да, бу ишни халқ учун қилганлигини таъкидлади.
Бугун барчамиз Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўрганяпмиз. Ишимизни шу асосда қуришга интиляпмиз.
Чунки бу ҳужжатда нафақат ғоя ва таклифлар, балки уларни амалга ошириш юзасидан ҳаётий механизмлар ҳам кўрсатиб берилган.
Тўғри, бу йўналишда ишлар бошланди. Аммо ҳали ҳам ҳаракатимизда самарага эришиш, халқнинг розилигини олишдан кўра қилаётган ишимизни кўрсатишга уриниш сезилиб қоляпти. Мисол учун, 2016 йил декабри ва 2017 йил бошида йўл ёқаларида қўшимча даромад олиш учун қурилган иссиқхоналарнинг ярмидан кўпи ишлатилмасдан, хароб аҳволда ётганини нима билан оқлаб бўлади? 2017 йилда фойдаланишга топширилиши керак бўлган арзон кўп қаватли уйлар ва ёшлар учун қурилган уйлардаги чала ишлар ўз ҳолича турганини-чи?!
Аҳоли томорқаларига фойдали экин экиш бўйича тарғибот ва ташкилий ишлар қилиняпти, лекин ўша маҳсулотга буюртмачи борми, томорқа эгаси пишиб етилган ҳосилни сотишда фермерга ўхшаб бозор ёки арзон-гаровга оладиган корхоналар мурувватига кўз тикиб қолмайдими?
Самарқанд ва Тойлоқ туманларида кейинги йилларда ёппасига тураржой массивига айланган полиз пайкаллари ва токзорлар тақдирини ўрганиш учун албатта, пойтахтдан кўрсатма келиши керакми?
Президентимиз ислоҳотлар самарасини одамлар ҳозир, шу бугун кўриши лозимлигини таъкидлаяпти. Шундай экан, йиллар давомида хусусийлаштириш баҳонасида бекор ётган ҳайҳотдек иншоотларни давлат тасарруфига қайтарганимизни халққа қачон айтамиз? Сув хўжалиги идоралари айби билан каналлар ёқасида шахсий манфаат манбасига айланган ёхуд фермер хўжалиги билан сув хўжалиги ўртасида хомталаш бўлиб ётган майдонлар тақдирини ким ўрганади? Ҳеч ким. Чунки биз йиллар давомида ана шу кайфиятга ўрганиб қолганмиз. Юқори ташкилотдан аниқ кўрсатма келгунча "Бу ёғи бир гап бўлар" қабилида иш тутамиз.
Президентимиз "Ўзгарайлик, мутлақо янги услубда, янгича тизимда ишлайлик", деганда айнан ана шундай кайфиятга барҳам беришни назарда тутяпти.
Фикримни яна бир мисол билан изоҳламоқчиман.
Бир куни денг, эрта саҳар тоза ҳавода сайр қилмоқчи бўлдим. Дарвозадан чиқсам, эшак арава ёнида йигит ва қиз турибди.
– Амаки, бўш бакалашка борми?
Аввали ҳайрон қолдим. Ўғри бўлса, баҳона қидиряптими, деб ўйладим. Чунки ҳали атроф қоронғи.
– Қоғоз парчаси, латта-путта бўлса ҳам олиб кетамиз.
– Майли-ку, аммо, ука, ҳамма уйқудан турганда, ҳаво ёришганда келсанг ҳам бўлади-ку, – дедим.
Бу саволга кўниккан шекилли, у менга тушунтириб кетди.
– Заготовшик билан шартнома бор. Соат еттида топшириш керак. Яна бир соатда бу маҳаллага чиқинди ташувчи машина келади, унинг одамлари бизни ҳайдаб солишади.
Кейинчалик ўзимга ўзим савол бердим: улар тирикчилик илинжида, тўплаган ашқол-дашқолини ўз вақтида топшира олмаса, чиқинди ташувчи машиналар жадвалини ўрганмаса, кунлик насибадан қуруқ қолишини билар экан, биз-чи? Президент яратаётган шунча имкониятлардан сўнг ўз ҳаётимизни янада яхши қилиш йўлларини ўрганяпмизми?
Қани, айтинг-чи, ҳокимларнинг шу ишга мутасадди ўринбосарлари ёки тегишли идора раҳбарлари "Мен ўз ташаббусим ёки ҳомийлар ёрдамида чиқиндини бирламчи қайта ишловчи цех очдим", деб айта оладими? Улар ҳали ҳам инвестиция ёки маҳаллий бюджетдан ажратиладиган пулга кўз тикиб ўтиришибди. Ваҳоланки, агар эълон берилса, бу ишга сармоя тикадиганлар истаганча топилади. Натижада айрим туманларда сой бўйи ёки қишлоқ четидаги 5-6 гектарлаб майдонлар ноқонуний чиқиндихонага айланиб қолган.
Бундай мисолларни халқ хўжалигининг истаган соҳасидан келтириш мумкин. Демак, ҳаётимизни янада фаровон қилиш учун имкониятлар бисёр. Бу имкониятларни ишга солиш учун эса, энг аввало, Юртбошимиз кўрсатмалари асосида ўз соҳамизнинг бугунини таҳлил қилиб, эртасини кўра олишимиз, ҳар бир дастурга аҳолининг ўзини жалб қилишимиз зарур.