Биз шундай халқмиз!

Ҳозиргина қўл телефонимга Нурободнинг олис қишлоғида яшовчи нафақадаги ўқитувчи Эрнафас ака қўнғироқ қилди.
- Укажон, Сардобадаги сув тошқини, бошпанасиз, мол-мулксиз қолган одамлар аҳволи мени чуқур изтиробга солди, - деди салом-аликдан кейин. - Рўзғордан ортган 3-4 кило гуруч билан 5-6 хил кийим-кечагимиз бор эди, шуларни сардобаликларга етказиш учун қаерга мурожаат қилсам бўлади?
Эрнафас акани яхши биламан. Вояга етмаган бир ўғли бор, саломатлиги ёмонлашиб, мажбур ҳолда нафақага чиққан. Анча юпун яшайди, маҳалласида кам таъминланган тўртта оила бўлса, шулардан бири Эрнафас аканинг оиласи экани аниқ. Аммо буни айтмайди, ғурури йўл қўймайди, имкони борича рўзғорини тўкис тебратиш учун меҳнат қилади. Шунинг учун «Ака, дуо қилсангиз бўлди, кўпгина корхона, тадбиркорлар, ўзига тўқ аҳоли кўмак беряпти» дедим. Бундан ранжиди.
- Сезяпман, «Ўзингиз қийналиб яшасангиз, ортиқча харажат қилиш рўзғорингизга таъсир қилади» демоқчисиз, - деди. - Лекин бугун сиз-у бизнинг аҳволимиз улардан қанчалик яхши. Ахир улар уйсиз, жойсиз, кийимсиз, пулсиз. Ҳа, деган туяга мадад, бундай ҳолатда қандай қараб турамиз.
Кеча ижтимоий тармоқларда ўқидим:
Самарқандлик бир аёл уй-жойсиз қийналиб қолган сардобаликларни бўш ҳовлисида яшаб туришга таклиф қилди, Самарқанддаги бир замонавий меҳмонхона эгаси зарурат туғилса, сирдарёликларни қабул қилишга тайёрлигини билдирди. Булунғурлик Бахтиёр деган саховатли инсон Сардоба тумани аҳолиси учун ўз ҳисобидан 1 тонна гуруч, 50-60 кило туз олиб, туманда жамланган инсонпарварлик ёрдамини ҳам ўзининг юк автомашинасига ортиб Сирдарёга жўнади. Тағин офатдан жабр кўрганларга 1 ой давомида ўз машинасида беғараз ёрдам бериш ниятида эканини айтди. Биз-чи, тўғри бизнинг бундай кўмак беришга имкониятимиз йўқ. Аммо биргина мен илинган 3-4 кило гуручдан жабр кўрганлар ош қилиб, қорин тўйғазар, эскирган бўлса-да кийимлар кимнидир эгнини вақтинча бут қилар...
Эрнафас аканинг гапини тинглаяпман-у орамизда шундай инсонлар борлигидан, бировнинг дардини ўз танида шунчалар тез ҳис этишидан, одамларимиз мурувватли эканидан кўнглим тоғдек ўсди.
Энди у кишини эзгу ишидан қайтариб бўлмасди. Шунинг учун Нуробод тумани «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати марказининг телефон рақамларини топиб, айтдим. Ўн дақиқа ўтиб, Эрнафас ака қайта қўнғироқ қилди:
- Раҳмат, укажон, марказда волонтёр деганлари бор экан, «Маҳсулот ва кийим-кечакларингизни пакетга солиб қўйинг, бир соатда машинада бориб олиб келамиз», дейишди. Узоқдан бир пакет учун келиб овора бўлишмасин, битта хўрозим бор. Шуниям сўйиб, гўштини тайёрлаб турай...
Гапиришга сўз тополмадим...
Биз шундай халқмиз!
Акрам Ҳайдаров.