БМТ глобал фалокат ҳақида огоҳлантирди ва айбдорларни кўрсатди

Осиё ва Африканинг қашшоқ мамлакатлари туфайли иқлим ўзгаришига қарши кураш хавф остида қолмоқда, деди БМТ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастурининг UNEP транспорт бўлими бошлиғи Роб де Йонг Bloomberg агентлигига.

Расмийнинг таъкидлашича, инсониятни глобал фалокатдан қутқариш айнан шу давлатларга боғлиқ, чунки уларнинг аҳолисида электромобиль сотиб олиш имконияти йўқ.

"Агар биз фақат АҚШ, Финландия ва Голландияга электромобиллар олиб келсак, иқлим бўйича Париж келишувига эриша олмаймиз. Кам ва ноль эмиссия (атмосферага зарарли газ чиқариш)ли автомобиль паст ва ўрта даромадли мамлакатларга ҳам етказиб берилиши керак", деди де Йонг.

У ҳозирги вазият учун жавобгарликнинг бир қисмини автомобиль ва мотоцикл ишлаб чиқарувчилари зиммасига юклаб, одамлар арзон ва экологик тоза транспорт воситаларига муҳтожлигини ҳамда эътиборни фақат бой харидор ёки ривожланган мамлакатлар қаратишлари нотўғри эканлигини таъкидлади.

Мақолада 1751 йилдан 2017 йилгача Африка ва Жанубий Америка дунё бўйича иссиқхона газлари чиқиндиларининг атиги 3 фоизини ташкил қилган тадқиқот натижалари келтирилган. 2019 йилда эса Африка атмосферага 1,43 миллиард тонна, Жанубий Америка 1,1 миллиард тонна, Европа Иттифоқи мамлакатлари 2,9 миллиард тонна карбонат ангидрид ташлади.

Де Йонг таъкидлашича, камбағал мамлакатларда аҳоли сонининг кўпайиши туфайли, яқин келажакда зарарли чиқиндилар миқдори ошади. Мисол учун, Кенияда бу кўрсаткич 2005 йилдан бери икки баробар ошди. Пойтахти Найробидаги автопарк 8 йил ичида саккиз баробар ўсди. Энг машҳур ёқилғи эса - дизель.