БМТ ва жаҳоннинг 88 мамлакати инсониятга таҳдид солаётган қотил-роботларни таъқиқлаш тарафдори

Россия, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Исроил ва Буюк Британия эса ушбу қурол ишланмаларини давом эттирмоқда, деб ёзади «Мир новостей» (2019 йил, 25-сон) ҳафтаномаси. Яқинда бу олтиликка Австралия ҳам қўшилди. Уларнинг фикрича, қотил-роботлар урушни нисбатан «одамгарчилик» билан олиб бориш имконини берармиш ва ҳарбий талофатни камайтирармиш.

Хўш, қотил-роботларнинг ўзи нима? Ҳуқуқий жиҳатдан бу тушунча аниқ белгиланмаган. Моҳиятан гап, одамсиз – оператор иштирокисиз бирор бир нишонни йўқ қилиш ҳақида қарор қабул қиладиган ҳарбий техника ҳақида бормоқда.

- Инсон тугмача ёнида турмайди ва нишонни танлашга таъсир ўтказа олмайди. Робот ўзи қарор қабул қилади. Агар унга барча югуриб бораётган малласоч жувонларни калтаклаб ўлдириш алгоритми жойланган бўлса, у барчасини калтаклаб ўлдиради, - дейди Россия «Этика ва технология» таҳлилий маркази раҳбари, ҳуқуқшунос Алена Попова. - Бунда қотил-робот Голливуд жангари фильмидаги Терминаторга ўхшаш эканда деб ўйлаш ярамайди. Бу сезилмайдиган митти, темир-терсак, масалан, дрон шаклида бўлиши мумкин. Шундай воқеа бўлган. Учувчи дронга тўппонча осиб қўйишган, дрон керакли деразага учиб борган, тўппонча эса ўқ узган. Буюртмачини топишолмади.

Халқаро хавфсизлик бўйича эксперт Вадим Козюлин бошқа бир мисолни келтиради: «Ҳозирда «тозалаш» пайтида деразага граната улоқтирилади, кейин бостириб кирилади. Уйда эса эҳтимол, қуролсиз қариялар, болалар бўлиши мумкин. Қотил-роботлар эса деразага граната улоқтирмайди, ўзига қарата ўқ узилгунча кутиб туради, шундан кейингина деразага граната улоқтиради ва бостириб киради».

Бу жиҳатдан қотил-роботлар урушда инсонпарвар «одамлар» бўлиши мумкин. Бошқа тарафдан қотил-роботлар рақиби роботларга жойланган алгоритм бўлиши, у ишдан чиқиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бундан ташқари, қотил-роботларни ишлаб чиққанларни, топшириққа чиқариб юборганларни аниқлаш ўта мушкул ва жавобгарликка тортиш қийин.

- Ҳозирда Россияда қотил-роботлардан фойдаланиш Мудофаа вазирлиги буйруғи билан амалга оширилади. Яъни, улардан автоном режимда фақат техникага қарши фойдаланишга рухсат берилади. Одамларга қарши ишлатиш таъқиқланган. Америка йўриқномасида эса қотил-роботлар билан алоқа узилса уларни базага қайтариш зарур. Умуман, Россия ва АҚШда ўзи мустақил ишлайдиган роботлардан одамларга қарши фойдаланиш ман этилган, - дейди Вадим Козюлин. Шундай экан, қотил-роботларни очиқчасига оммавий тарзда ишлаб чиқаришга уринаётган мамлакатлар улардан фойдаланишда ўз қонунларини ўзгартиришларига тўғри келади.

Инсоният мутлақо янгича усулда уруш олиб бориш учун янги қуролланиш пойгаси бўсағасида турибди. Қуролланиш пойгаси тарафдорларини бу телба ғоядан жаҳоннинг таниқли одамлари, сиёсатчилар ҳам тўхтага олишмайди, дейди хавотир билан эксперт.

Т.МУРОД тайёрлади.