Боғчада экологик боғ бўлиши керак
Самарқанддаги учрашувда ўз сайловолди дастури билан чиқиш қилган Ўзбекистон Президентлигига номзод Н.Обломуродовга сайловчилар бир қатор масалалар юзасидан савол ва таклифларини билдиришди.
Жумладан, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти талабаси, қорақалпоғистонлик У.Хўжааҳмедов йўрға тувалоқни кўпайтириш, пастдарғомлик сайловчи Б.Нурмуҳаммедов таълим муассасаларида экология фанини узлуксиз ўқитишни таклиф қилди.
Каттақурғон туманидаги 3-мактабгача таълим ташкилоти директори Латофат Қодирова эса боғчалар ҳовлиларида экологик боғлар ташкил этиш бўйича ўз фикрларини билдирди.
– Барча шаҳар ва қишлоқларимиздаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳовлисида албатта, очиқ ёки кўкаламзорлаштирилган, гул ва дарахтлар экилган майдонлар бор, – дейди Л.Қодирова. – Ана шу жойларга “Экологик боғ”, деб ном бериб, уларни ўсимлик дунёси билан бойитсак, бу ҳам болаларимизни ёшлигидан табатни, атроф-муҳитни асраб-авайлашга даъват этишга яхши туртки бўлади.
Н.Обломуродов ҳар бир таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаши ҳамда уларни амалга ошириш учун партия томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилишини маълум қилди.