Божхона қиш мавсумининг беталафот ўтишида қандай кўмак беряпти?
Вилоятимизда куз-қиш мавсумини талафотларсиз ўтказиш ҳамда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кузги дарахт экиш мавсумини сифатли ташкил этиш мақсадида Божхона қўмитаси раиси бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан амалий ишлар олиб борилди.
Ҳар бир туман ва шаҳарда кўп қаватли уйлар, мактабгача таълим ташкилотлари, таълим муассасалари, ётоқхоналар, тиббиёт муассасалари бошқа ижтимоий соҳа объектларини қиш мавсумига тайёрлаш, коммуникация тармоқлари, иситиш тизимлари, табиий газ ҳамда электр таъминотининг ҳолатини ўрганиш бўйича гуруҳлар шакллантирилиб, кунлик маълумотлар мониторинги юритилди.
– Ўрганишлар натижасида 535 та кўп қаватли уй, 345 та мактабгача таълим ташкилоти, 745 та мактаб, 206 та поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари, 23 та шифохона, 267 та маҳалла биноларида тўрт мингдан ортиқ муаммоли масалалар аниқланди, – дейди Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломов. – Шундан, 2586 та объектда аниқланган 3787 та муаммоли масала тўлиқ бартараф этилди. Вилоятдаги ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолига қарийб 102 минг тонна кўмир етказиб берилди. Вилоятнинг олис туманларига кўмир маҳсулотлари етказиб берилиши алоҳида назоратга олинди. Шунингдек, аҳолига 857 мингдан ортиқ газ баллонлари тарқатилди.
Электр таъминоти бўйича аниқланган муаммолар юзасидан 185 та трансформатор таъмирланди ва 9 таси янгиланди, 2393 та янги темир бетон устун ўрнатилиб, 122,5 километр кабель тортилди.
Ижтимоий соҳа объектларида давлат-хусусий шериклик асосида иситиш тизимини модернизация қилиш учун бажарилган ишларга бюджетдан қўшимча 5,6 миллиард сўм ажратилиши таъминланди.
Ички йўллар ҳолатини яхшилаш учун 59,6 километр йўлга асфальт ётқизилди, 11,5 километр автомобиль йўллари бетонлаштирилди, 113,2 километр ички йўллар шағаллаштирилди.
Кузги дарахт экиш мавсуми давомида корхона ва ташкилотлар, кенг жамоатчилик томонидан 7 миллион 200 минг тупдан зиёд дарахт кўчатлари, буталар экилди. Ҳудудларда ҳокимликлар, секторлар ва корхона, ташкилотларнинг боғлари яратилди. Жумладан, Булунғур туманидаги «Янги Ўзбекистон» массивида «Божхона боғи» ташкил этилиб, 2154 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Ишчи гуруҳ фаолияти давом этмоқда.