Божхонада четдан келтирилаётган психотроп модда саналган “Нитразепам” таблеткалари ушлаб қолинди
Божхонадан маҳсулот ўтказишда қатор имкониятлар яратилишига қарамасдан айрим фуқаролар божхона чегараси орқали ҳаракатланиб, Ўзбекистон Республикасига олиб кириш тақиқланган ёки чекланган маҳсулотларни келтиришга уринмоқда.
Жумладан, “Санкт-Петербург — Самарқанд” йўналишида қатнаётган самолётда Самарқанд халқаро аэропортига учиб келган фуқаро Э.Ш. “яшил” йўлакни танлаган ҳолда божхона назоратидан ўтаётганда, унга тегишли багаж ва қўл юклари божхона ходимларида шубҳа уйғотди.
Холислар иштирокида фуқарога тегишли бўлган багаж сумкалари текширилганда, 4 та конвалютада, жами 40 дона “Нитразепам” таблеткалари борлиги аниқланди.
Эксперт-криминалистика экспертиза хулосасига кўра, “Нитразепам” таблеткалари Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган психотроп моддалар рўйхатига киритилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати.