Бола нега йиғлоқи?

Энг ёмони, асабийлик ўзи билан яна бир дардни етаклайди. Унга эргашувчи хасталиклардан мисол учун, бош мия ички босимининг юқорилиги, хафақонлик (гипертония), ҳазм йўли хасталиклари, эндокрин касалликлар ва ҳоказо. Хўш, ўз асабларини асрай олмай, арзимаган нарсага сиқилиб, саломатлигига путур етказаётган ота-оналардан қандай фарзанд туғилади? Бу ҳақда гап кетганда айниқса, оналарнинг оиладаги майда-чуйда гап-сўзлар ортидан қувиб, тажанглиги ортиб, ўзига зиён етказаётганини айтмаса ҳам бўлади. 
Ахир ота-она асабий бўлса, бу нарса болага ҳам ўтади-да! Туғилаётган ҳар ўн чақалоқдан 2-3 нафарида бош мия ички босими баландлигига нима дейсиз? Чақалоқларнинг ўта йиғлоқи, тажанглигига-чи? Ваҳоланки, соғлом, оғир-вазмин ота-онанинг фарзандлари ўртасида турли хасталикларга чалиниш кам учрайди. 
Бугун нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсида тажанг ота-она ва фарзандлар сони кўпайиб бораётир. Шундай экан, оналар саломатлиги ҳақида фарзандларимиз мактабда пайтиданоқ қайғуришимиз керак. Таълим-тарбия, маънавият масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлар бу масалага эътибор қаратиши лозим.

Муродим УМРЗОҚОВ.