"Бола пули" давлат хизматлари марказлари орқали берилмайди
Кейинги пайтда давлат хизматлари марказларига "бола пули" ажратилишини сўраб мурожаат қилаётган фуқаролар кўпаймоқда. Бу масала юзасидан Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати тушунтириш берди.
Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш масалалари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган низом билан тартибга солинади.
Низомга кўра:
- болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам агар оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад миқдори белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаса, тўланади.
Ариза берилгандан кейин:
- маҳаллада тузилган комиссия, ариза берилган санадан бошлаб уч кун муддатда, ариза берувчи томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида оиланинг аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад миқдорини аниқлайди.
Оиланинг жами даромадига, оила аъзолари томонидан олинган қуйидаги даромадлар киритилади:
- меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар;
- мулкий даромадлар;
- якка тартибдаги тадбиркорнинг даромади;
- чет элда ишлайдиган ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган оила аъзоларидан пул тушумлари суммаси;
- пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар;
- шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинган даромад;
- Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа даромадлар.
Текшириш натижалари бўйича комиссия оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиш далолатномасини тузади. Тегишли нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш бўйича хулоса далолатномада кўрсатилади.
Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам комиссия қарори билан тайинланади.