Бола пули кимларга берилади ва қандай ҳолатларда рад этилади?

Бизда болалар нафақаси олишни истовчи ёш оилалар кўп. Аммо, нафақа пули тайинланишни сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг ҳаммасига ҳам нафақа пули берилмайди. Хўш, нима учун? Болалар нафақаси ўзи кимларга берилади?

Шу каби саволларга Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Абдурашид Раҳимов жавоб берди.

- Болалар нафақаси тайинлашда яқинда қонунчиликка ўзгартириш киритилди, яъни 2021 йилнинг 21 октябрида Вазирлар Маҳкамасининг 654-сонли қарори билан низом тасдиқланди, - деди А.Раҳимов. - Илгари амалда бўлган болалар нафақаси уч турга бўлинарди, яъни 2 ёшгача болалар нафақаси, 14 ёшгача болалар нафақаси ва моддий ёрдам пули. Энди бу нафақа турлари болалар нафақаси деб белгиланиб, кичик ёшдаги болалар учун 3 ёшгача нафақа, 18 ёшгача нафақа деб узайтирилди. Шу билан бирга моддий ёрдам нафақаси ҳам мавжуд.

Боланинг 3 ёшга тўлгунича бериладиган нафақа миқдори 325 минг сўм бўлди. Шунингдек, низомга кўра, онанинг иккинчи боласи учун 150 минг сўм, учинчи ва ундан кейинги болаларига 100 минг сўмдан нафақа пули тайинланади. Энди нафақа тайинлашда оиладаги болаларнинг миқдори ҳисобга олинади.

Қандай ҳолатда нафақа бериш рад этилади?

Нафақа тайинлашда оила аъзоларининг ўртача даромади ҳисобга олинади. Масалан, оилада фақат ота ишласа, унинг ойлик маоши оила аъзоларига тенг тақсимланади, ўртача даромад 440 минг сўмдан ортиқ бўлса, нафақа бериш рад қилинади. Аксинча, оила аъзоларининг ўртача даромади 440 минг сўмдан кам бўлса, нафақа тайинланади. Агар оилада ёлғиз ўзи фарзандини тарбиялаётган оналар бўлса, бундай оилага нафақа тайинлашда енгилликлар берилган.

Аксарият ҳолатда ишламаётган фуқароларга нафақа тайинлаш рад этилади. Боқимандаликнинг олдини олиш мақсадида ишламаётган фуқароларга нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш чеклаб қўйилган.

Шунингдек, сўнгги етти йил ичида автомашина сотиб олган фуқарога, трактор ёки оғир автомашиналари бор кишиларга ҳам нафақа тайинланмайди. Бундан ташқари, оила аъзоларидан бирининг энг кам иш ҳақининг 5 баробари ёки ундан ортиқ миқдорда банкларда қўйилган омонатлари бўлса, уларнинг номида икки ва ундан ортиқ миқдорда кўчмас мулк бўлса, нафақа тайинланмайди. Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга эса нафақа тайинланади.

Нафақа олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Фуқаролар нафақа бўйича аризаларни маҳалла фуқаролар йиғинларига топширадилар. Маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳар ойнинг 19-санасигача барча аризаларни жамлаб, пенсия жамғармасига топширади. Пенсия жамғармаси томонидан уларнинг маълумоти ягона реестр дастурига киритилади. Бу ерда инсон омили қатнашиши жуда ҳам чекланган. Маҳалла ҳам, пенсия жамғармаси ҳам бировга ёрдам бериб ёки унинг нафақасини рад қила олмайди. Бунда ягона реестр дастури ўн учта вазирликлар билан боғланган. Бу дастурнинг ўзи ҳар бир ариза учун сўров хати юборади. Масалан, илгари ойлик иш ҳақлари тўғрисидаги маълумотларни камайтириб олиб келиш ҳолатлари кузатилган бўлса, энди дастур фуқаронинг солиқдан қанча даромад олаётгани ва қаерда ишлаётганини сўраб олади. Ёки фуқаронинг автомашинаси бўлса, бу ҳақда ҳам дастурга маълумот келиб тушади. Кўчмас мулки икки ва ундан ортиқ бўлса, кадастрдан маълумот келиб тушади. Мезонларга тўғри келгандан сўнг дастур орқали нафақа тайинлаб берилади.

Шунингдек, фуқаро нафақа тайинлаш ҳақида онлайн тарзда ҳам мурожаат қилиши мумкин. Нафақани тайинлаш муддати 12 ойгача. Масалан, январь ойида тайинланган нафақанинг муддати тугади. Февраль ойидан фуқаро яна қайта мурожаат қилиши мумкин. Унга март ойининг 1 санасидан бошлаб нафақа тайинланади.

Моддий ёрдам нафақаси 6 ойга тайинланади.

Нафақа тўловлари Халқ банкининг сайёр кассалари орқали фуқаронинг хоҳишига кўра, нақд ёки пластик карталар орқали берилади. Нафақа тўловлари ҳар ойнинг 5 санасидан 25 санасигача амалга оширилади. Пластик картаси борларга ҳар ойнинг 5 санасигача нафақа пуллари тўлаб берилади.

Ижтимоий нафақалар ҳам Пенсия жамғармаси томонидан берилади

Ижтимоий нафақалар уч турга бўлинади: ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик. Ёшга доир нафақалар иш стажига эга бўлмаганларга, яъни 60 ёшдан аёллар, 65 ёшдан эркакларга берилади. Ногиронлик нафақаси тиббий меҳнат эксперти комиссияси томонидан ногиронлик белгилангандан сўнг тайинланади. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси фуқаро вафот этганда унинг болаларига тайинланади.

Ижтимоий нафақалар қатъий миқдорда белгиланган бўлади. Ёшга доир нафақа умрбод тайинланади. Ногиронлик нафақаси тиббий меҳнат эксперти комиссияси томонидан ногиронлик муддатига қараб амалга оширилади. Боқувчисини йўқотганлик тўғрисидаги нафақалар болаларга 18 ёшга тўлгунига қадар тайинланади.

Агар боқувчисини йўқотганлик нафақаси оладиган бола ўқиётган бўлса, унга 23 ёшгача нафақа тайинлаш ҳақида таклиф киритиляпти. Ушбу таклиф ҳозирча муҳокамада.

Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.