Бола тарбияси учун нафақа тўлаш тартиби қанчалик адолатли? 2-3 нафар ва ундан ортиқ эгизаклар туғилганда бирдай ёрдам кўрсатиладиган тартиб борми?

Барча оналаримиз ҳомиладорликдан бошлаб, фарзанд туғилгунча бўлган азобни яхши билади. Фарзанд туғилгандан кейин ҳам унинг парвариши асосан оналар зиммасида бўлади. Албатта, бу иш ҳеч бир онага малол келмаган, малол келмайди ҳам.

Шундай бўлса-да, қонунларимизда ҳомиладор аёлларга таътил бериш, фарзанд туғилганидан кейин бола парвариши учун нафақа тўлаш белгиланган. Аммо бу тартиблар назаримда тўла адолатли бўлмаяпти.

Биринчидан, бу эгизаклар туғилганда оналарга бола парвариши учун тўланадиган нафақа билан боғлиқ тартиб. Амалдаги тартибга кўра, болалар неча нафар бўлишидан қатъий назар унинг парвариши учун тўланадиган нафақа бир хил миқдорда ажратилади. Яъни, болалар бечора она икки, уч нафар бола парвариш қилинганда ҳам энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорини олаверади, нафақа билан таъминланади.

Табиий савол туғилади: қани бу ерда мантиқ? Ахир икки нафар болага битта боладан кўра кўпроқ жисмоний куч ва бошқа воситалар сарфланмайдими?

Шунинг учун бола парвариши учун тўланадиган нафақа уларнинг сонига қараб, мисол учун, икки нафар эгизак туғилса, ЭКИҲнинг тўрт баравари, уч нафар эгизак туғилса, ЭКИҲнинг олти баравари миқдорида ажратилса, адолатли иш қилинган бўлади.

Тегишли ташкилотлар шу низомни ҳам, дахлдор қонунларни ҳам қайта кўриб чиқиши лозим ва бола парвариши учун тўланадиган нафақани эгизаклар неча нафар туғилишидан қатъий назар болаларнинг ҳар бирига ҳисоблаб тўланиши лозим.

Бугунги кунда уч нафар эгизак фарзанд кўрганларга қаерлардадир ҳокимлар томонидан “Президент совғаси” сифатида автомобиль бериляпти. Яна қаерлардадир туғилган эгизаклар озиқага пул топа олмаяпти. Шундай экан, энди бизга уч нафар ва ундан ортиқ эгизаклар туғилганда ҳаммасига бирдай ёрдам кўрсатиладиган тартиб керак.

Ҳозир болалар нафақасини олиш учун ота-оналарга маълум бир шартлар қўйилади. Қандайдир ҳужжатлар талаб қилинади. Масалан, агар оиланинг ўртача даромади бола тарбияси учун нафақа берилиши учун етарли бўлмаса, ҳатто уч нафар эгизак туққан онага ҳам болалар парвариши учун нафақа берилмайди.

Аммо ўртаҳол оилаларда ҳам эгизак фарзанд туғилса, ўша оила болалар парвариши учун озиқа, тагликлар ва кийим-кечак учун маблағ тополмай қолиш ҳолатлари кузатиляпти. Шунинг учун уч нафар ва ундан ошиқ туғилган эгизаклар учун ўша талаблар бекор қилиниши лозим.

Елена КОМПОЛЬШИК,

Самарқанд шаҳридаги 43-ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактаби директори.