Туғруқхонада уч эгизакларнинг бири йўқолгани юзасидан расмий баёнот берилди

Ижтимоий тармоқларда “3-эгизак қаерда? Фарғонадаги туғуруқхонада йўқолган чақалоқ воқеаси” сарлавҳаси билан тарқалган хабар юзасидан вилоят прокуратураси томонидан расмий баёнот берилди.

Аниқланишича, 2020 йил 9 июлда фуқаро М.М. Фарғона шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, унда қизи Ф.Ғ.нинг ҳомиладорлиги давридаги текширувлар 3 та эгиз ҳомиласи борлигини кўрсатган бўлса-да, Фарғона вилояти перинатал марказида ўтказилган 2020 йил 4 июлда кесарча кесиш амалиётида фақат 2 нафар қиз чақалоқ олинганлигини билдириб, ҳолатга ойдинлик киритилишини сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасига қадар ўтказилган жами 16 та ультратовуш текширув натижалари Ф.Ғ.да икки эгиз ҳомила борлигини кўрсатганлиги аниқланган.

Ҳомиладорлик даврининг 26-ҳафтасидан сўнг ўтказилган 4 та ультратовуш текширувлари давомида Ф.Ғ.нинг семизлик даражаси юқори бўлганлиги, патологик соя (артефакт) гўёки 3-ҳомила бўлиб кўринганлиги туфайли унда уч эгиз ҳомила борлиги ҳақида хулосалар қилинишига олиб келган ҳамда ушбу хулосалар асосий ташхис бўлмаслиги маълум бўлган.

Текширув давомида олинган кесарча кесиш амалиётида бевосита иштирок этган, ультратовуш текширувларини амалга оширган тиббиёт ходимларининг тушунтириш хатлари, тиббиёт ходимларига нисбатан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси, тиббий ва бошқа ҳужжатлар асосида Ф.Ғ.нинг 3-эгиз фарзандини дунёга келтирганлиги ҳақидаги важ ўз тасдиғини топмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил 18 июлда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиниб, бу ҳақда мурожаат муаллифига маълум қилинган.