Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган янги стратегия тасдиқланди
24 декабрь куни давлатимиз раҳбарининг “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ижросини самарали таъминлаш, жамиятда болаларга нисбатан зўравонликка муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан зўравонлик оқибатида оиласидан ажратилган, зўравонлик хавфи остида бўлган ёки ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволдаги болалар учун профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади. Бундай оилаларга номзодлар болаларда зўравонлик натижасида юзага келган руҳий жароҳатларни камайтириш, хулқ-атвордаги ва ижтимоий муносабатлардаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган махсус ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида тайёрланади.
Болалар профессионал тутинган оилаларга “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан тузилган шартнома асосида жойлаштирилади. Ҳар бир бола учун тутинган оилага ойига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки баравари миқдорида маблағ тўланади, шунингдек, боланинг яшаш харажатлари учун қонунчиликда белгиланган миқдорда қўшимча маблағ ажратилади.
Дастлаб Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида, кейинчалик эса 2026 йил якунига қадар республика бўйлаб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Жинсий зўравонликдан жабрланган болалар алоҳида тартибда тегишли реабилитация марказларига жойлаштирилиши мумкин.
2026 йил 1 сентябрдан зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади. Судга қадар ва суд жараёнларида болалар манфаатларини ҳимоя қилишда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг мажбурий иштироки таъминланади. Шунингдек, болаларнинг дастлабки кўрсатувлари видеоёзув орқали қайд этилади.
Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳалари ходимларининг болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бермаслиги учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 мартдан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари учун “меҳрли оила” хизмати ташкил этилади. Ушбу хизмат доирасида оилаларга болаларнинг психофизик хусусиятларини инобатга олган ҳолда муносабатларни тиклаш ва ижтимоийлашувга кўмаклашишга қаратилган бепул оилавий терапия хизматлари кўрсатилади.
Фармонда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлиги ва манфаатларини таъминлашга қаратилган яна бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Фаррух Саматов,
Самарқанд вилояти суди судьяси.