Болани уч ёшдан бошлаб китобхонликка қизиқтириш мумкин

Самарқанд давлат университетининг санъатшунослик факультети ўқитувчиси Нигина Муллажонова бунинг замонавий йўли ва амалга ошириш чоралари бўйича лойиҳа тайёрлаган. СамДАҚИ ўқитувчиси Гулмира Келдиёрова тўлдирувчи материаллар ёрдамида чанг-газларни тозаловчи ускунаси учун патент олиб, ускунани вилоят қурилиш корхоналарида ишлаб чиқариш мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

Самарқандлик олималар ушбу янгиликларни Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ўтказилган «Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси» танловининг вилоят босқичида намойиш этишди.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон ихтирочи аёллари маркази ҳамкорлигида бу йил учинчи бор ўтказилаётган танловда вилоятдаги олималар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

- Танловнинг илк босқичида 50 нафар хотин-қизларнинг илмий ишланмалари кўриб чиқилиб баҳоланди, - дейди «Олима» уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Дилбар Асланова. – Уларнинг 33 нафари танлов Низомига мос ишлар тақдим этгани аниқланди. Бугун ушбу қатнашчиларнинг 11 нафари танловнинг Республика босқичига саралаб олинди. Бу каби танловларнинг тизимли ўтказиб борилиши, олималарга қаратилаётган эътибор туфайли йилдан-йилга илмий иш ёқлашга ҳаракат қилувчи хотин-қизларнинг сони ошиб бормоқда. Мисол учун илгари, аёллар кўпроқ 50 ёшида докторлик диссертациясини ёқлаган бўлса, бугун бу кўрсаткич 30-40 ёшни ташкил этмоқда.

Танловда олималарга энг яхши ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, рационализаторлик таклиф, ЭҲМ учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси, АКТ соҳаси бўйича энг яхши лойиҳа, энг самарали инновацион лойиҳа каби номинациялар бўйича сертификатлар топширилди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова иштирок этди. 

Мазкур лойиҳалар ҳақида сайтимизда батафсил маълумот берамиз. Бизни кузатиб боринг.

Гулруҳ МЎМИНОВА.