Бўлган воқеа: "Отанг бир куни келади, болам..."

- Алло, ассалому алайкум, бу эҳсончи аканинг телефонларими?

- Ва алайкум ассалом,  лаббай, нима хизмат?

- Шу номерни беришувди...

- Жуда яхшида, нима муаммо бор, айтаверинг?..

- Шу десангиз, уч нафар ёш болам 4 кундан бери фақатгина нон билан чой ичяпти, холос...

- Ҳа, тушунаман, хўжайинингиз ишсиз қолгандирларда.

-  Бир йил бўлди, хўжайиним автоҳалокат сабаб вафот этганлар...

- Тушундим,  Аллоҳ раҳматига олган бўлсин! Бугун кеч бўлиб қолди, манзилингизни айтинг, ёзиб оламан, эртага иншааллоҳ пешин вақтигача имкон қилишга ҳаракат қиламан.

- Хўп бўлади, аммо яна бир бор безовта қилганим учун узр, ака. (Охирги сўзлар йиғи аралаш аранг гапирилган эди)

"Эй Аллоҳ, ўзинг гувоҳсан, эҳсон картамда 28 сўм пулим бор, холос. Ўзинг бойлик берган бандаларингни қалбига солгин, эртага мени шу муштипар онанинг олдида ёлғончи қилиб қўймагин" - хуфтонни шу дуолар билан адо этиб эртани кутдим.

Бомдод.

Картага қарагани юрагим чопмади. Соат 10 ларда не кўз билан қарайки, картада 490 мингдан ортиқроқ пул бўлибди.

Тезда қўнғироқ қилдим.

Телефондан ёш боланинг ширин овози келди:

- Онажон, эҳсончи ака телефон қиляптилар, ур-рее, бизга бугун тухум қовуриб берасиз а, ур-рее...

Шу ҳолатда гапира олмаслигини ўзим сездимда, беш минутда телефон қиламан, деб телефонни қўйдим.

...Манзилга етиб бориб омонатни топшириш учун телефон қилдим. Учта гўдак онасини тўхта дейишига қарамай мен томонга ўқдай учиб югурарди, қўлимдаги пулни кўриб ўртанчаси шошиб, "Амаки, бу пулларни бизга дадам бериб юбордиларми, ўзлари қачон келарканлар? Айтиб қўйинг, биз уларни жуда соғиндик", деди.

Беш қадамча нарида онаизорни кўзлари жиққа ёш билан дарахтга суяниб қолганини кўрдиму, болажонга пулни бериб, "Болажоним, мен дадангга айтаман, тез кунларда келади, фақатгина сизлар онажонингизни қийнамай ўтиринглар", дедим-да кўз ёшларимни яшириш учун тезда ортга қайтдим...

Манба