Бўлғуси ҳуқуқшунослар вилоят суди фаолияти билан танишди
Самарқанд вилоят судида Самарқанд давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультети ҳамда Самарқанд юридик техникуми билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Белгиланган режа асосида судья ва суд ходимлари мазкур таълим масканларига бориб очиқ дарслар, давра суҳбатлари, учрашувлар каби турли тадбирлар ўтказади. Ўз навбатида талабалар ҳам вилоят судига таклиф этилиб, улар учун очиқ эшиклар куни ўтказилади.
Яқинда талабалар учун ўтказилган навбатдаги тадбирга Самарқанд юридик техникумининг битирувчи курс ўқувчилари таклиф этилди.
Дастлаб вилоят суди судьялари талабаларга вилоят суди фаолияти ҳақида умумий тушунча берди. Сўнгра ўқувчилар вилоят суди биносидаги шарт-шароитлар билан танишди. Вилоят суди кичик анжуманлар залида вилоят суди судьялари суд тизимидаги сўнгги ўзгаришлар, шунингдек, вилоят суди фаолияти ва тузилмаси ҳақида тушунча беришди.
Тадбир давомида судьялар ва талабалар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Судьялар ўз ихтисослашувидан келиб чиқиб, жиноий, фуқаролик ва иқтисодий ишлар кўрилиши тартиблари ҳақида гапирди.
Самарқанд вилоят суди Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.