Бош прокуратура: Ёш болани «Дамас»да занжирлаб қўйган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Самарқандда ёш бола “Дамас”да занжирлаб қўйилгани видеоси тарқалди.
Ҳодиса юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати муносабат билдириб, вилоят ИИБ “102” операторига Самарқанд шаҳар Гагарин кўчасида бир бола "Дамас" машинасида оёғи занжир билан кишанлангани тўғрисида хабар келиб тушганини маълум қилди. Айтилишича, хабарга асосан ҳудудга ИИБ ходимлари бориб, ҳолатни расмийлаштиришган.
“Ҳозирда ушбу ҳолатни содир этган шахсга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Болани Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириб, психолог ёрдамида зарурий кўмаклар бериш чоралари кўрилмоқда”, дейилади муносабатда.
Шунингдек, Бош прокуратура ахборот хизмати ҳолат юзасидан қуйидагича муносабат билдирди:
“Самарқандда болага нисбатан зўравонлик қилинганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда ички ишлар органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёни назоратга олинган”.