Бўстон қачон ўз номига муносиб бўлади?
Нарпай туманидаги ушбу қишлоқда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари бўйича бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти.
Йил бошида вилоятимиздаги тўрт сектордан энг оғир шароитдаги биттадан маҳалла танлаб олиниб, йўл хариталари ишлаб чиқилди. Бугунги кунда бу маҳаллаларда дастлабки юмушлар бошланиб кетди. Биринчи секторга қарашли Нарпай туманининг олис Бўстон маҳалласи ана шундай шароити оғор ҳудудлардан ҳисобланади. Маҳаллада 546 хонадон мавжуд. Шундан 28 та шароити оғир, ногиронлиги бор, боқувчиси йўқ хонадонлар аниқланган ва тегишли масъуллар бириктирилиб, кўмак кўрсатиш чоралари белгиланган.
Кластер янги мактаб қурмоқчи
- Маҳалламиз Бўстон ва Қўштепа қишлоқларидан иборат, - дейди Нарпай тумани ҳокимининг ўринбосари Достонбек Зиядуллаев. – Дастур доирасида маҳаллада инфратузилмани ривожлантириш учун вилоятдан 23 та, тумандан 45 та ташкилот бириктирилган. Қўштепа қишлоғида 120 ўринли 58-умумтаълим мактабида қарийб 300 нафар ўқувчи таълим олади. Дастур доирасида “Мароқанд сифат” кластер корхонаси ушбу қишлоқда 300 ўринли янги мактаб қуришни режалаштирмоқда. Янги мактаб фойдаланишга топширилгандан сўнг, эски мактаб биноси давлат мактабгача таълим ташкилотига мослаштирилади. Шу қишлоқдаги кўп тармоқли марказий поликлиниканинг “Ойбек” филиалини ҳам мукаммал таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Ҳудуддаги вилоят аҳамиятидаги 4к557 ва 4к557б йўлининг 8 километр қисмини, 5 километр ички йўлларини асфальт қилиш режалаштирилган. Иш бошлангандан буён иккита қишлоқда қарийб 8 километр ички йўл шағаллаштирилди ва ишлар давом этмоқда. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан келишиб, ушбу маҳаллага қуввати 250 кВтли 2 та трансформатор, паст кучланишли тармоққа 120 дона таянч устун ва юқори кучланишли тармоққа 24 дона таянч устун ўрнатиш кўзда тутилган. Бу ердаги ерости ичимлик суви аҳоли истеъмоли учун яроқсиз ҳисобланади ва санитария қоидаларига тўғри келмайди. Юқори ҳудуддаги табиий булоқ сувини жамлаб бошқа маҳаллалар қаторида Бўстон қишлоғига ҳам қувурлар келтирилган ва соатбай тоза сув берилади. Қўштепа қишлоғига тармоқ тортилмагани учун бу ерга машинада тоза сув келтирилади. Эндиликда шу булоқни таъмирлаб, 15 километр тармоқ тортиш режалаштирилган. Маҳаллада табиий газ йўқ ва бу масалада аҳолини суюлтирилган газ баллон билан таъминлаш учун хонадонлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Янги уйлар қурилиб аҳоли кўпаймокда. Хатловда аниқланишича, қўшимча 270 дона маиший газ баллонига эҳтиёж сезилмокда.
Республикадан қўшимча 1 миллиард сўм ажратилади
- Дастур доирасида республика бюджетидан қўшимча 1 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда, - дейди Бўстон маҳалласи раиси Феруза Қаршиева. - Бу маблағ йўлларни таъмирлаш, электр энергияси ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, ижтимоий масалаларни ечиш ва аҳолига қулай турмуш шароити яратишга сарфланади.
Бўстон маҳалласи Президентимизнинг 2023 йил 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тумандаги 7 та, вилоятда 101 та оғир маҳалла тоифасига киритилган. Бу каби оғир ҳудудларда биринчи навбатда аҳолини камбағалликдан чиқариш белгиланган. Бунда, албатта, томорқа хўжаликларини ривожлантириш ва даромад олишни йўлга қўйишга эътибор қаратилади. Дастур асосида Бўстон қишлоғига 60 та, Қўштепа қишлоғига 40 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатилади, 2 километр пиёдалар йўлакчаси ташкил этилади. Бўстон қишлоғидаги “Чўпонота” қабристонидаги айвонни таъмирлаш ва том қисмини шиферлаш, қабристонда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш режалаштирилган.
Аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилади
Қишлоқда яшовчиларнинг аксарияти соғлиғида муаммо сезилганда уй шароитида даволанишни маъқул кўради. Қачонки жиддий сабаб бўлиб ёки касаллик кучайиб кетмаса шаҳарга бориб, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва текширувдан ўтишга уринмайди. Малакали тиббиёт ходимларининг ўзлари маҳаллага келиб аҳолини текширувдан ўтказиши бўстонликлар учун айни муддао бўлди.
Бўстон ва Янгиариқ маҳалласининг бир қисми, яъни 5043 нафар аҳолисига кўп тармоқли поликлиниканинг “Ойбек” филиали тиббий хизмат кўрсатади, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиги Ғайрат Тошпўлатов. – Бу ер тарқоқ зона бўлгани учун қўшимча тиббий контейнер ҳам ўрнатилган. Бўстон маҳалла биноси ёнида ўрнатилган контейнерда уч нафар ҳамшира аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бу аҳолининг стационар тиббий хизмат учун уч-тўрт километр масофага қатнашининг олдини олади. Дастур доирасида маҳалла аҳолиси тўлиқ тиббий хатловдан ўтказилмоқда. Хатловда аҳолини тўрт гуруҳга бўлиб, тиббий хизматнинг кейинги босқичлари аниқланади ва биринчи чоракнинг ўзида тўлиқ кўрикдан ўтказилади. Дастур доирасида “Ойбек” филиалимиз мукаммал таъмирланади ва компьютерлаштириш учун 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилади.
Томорқадан даромад олиш устувор вазифа бўлиб қолади
Дастурнинг асосий мақсадларидан бири аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишдир.
- Маҳаллада 546 хонадон, 654 оила, 2505 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди Бўстон маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Нурали Тоғаев. – 131 та камбағал оила ва 140 нафар ишсиз фуқаро рўйхатга олинган, ишсизлик даражаси 20 фоизни ташкил қилади. Маҳалламиздаги 10 та камбағал оиланинг хонадони “Оптима агро” кластер фермер хўжалиги томонидан таъмирланади, шундан 4 таси янгидан қурилади. Аҳолини камбағалликдан чиқариш учун маҳалла драйвери сифатида чорвачиликни ривожлантириш, “Микрокредитбанк”нинг кўмагида қўшимча драйвер сифатида боғдорчилик, узумчилик йўналишини ривожлантириш чоралари кўриляпти. Шу боис, маҳалладаги хонадонларда тўлиқ узум кўчатларини экиш режалаштирилди. Бир сотих майдонга талаб этиладиган кўчат, серҳосил навлар, ундан олинадиган ҳосил ва даромад ҳисобланиб, аҳолига тушунтирилди. Мутахассислар келиб ўрганиб, узумнинг “Қора кишмиш”, “Тоифи” навларини тавсия этди ва кўчат етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланди.
Қўштепа қишлоғида аҳоли тасарруфида ўртача 20 сотихдан, Бўстон қишлоғида ўртача 8-10 сотихдан томорқа майдони бор, аммо суғориш муаммоси туфайли ердан фодаланиш имконияти паст эди. Ҳозирда Қўштепа қишлоғига томорқа учун сув келади, Бўстон қишлоғида эса томорқани суғоришнинг имкони йўқ. Шунинг учун битта насос ўрнатиш ва кластер корхонасининг насосидан фойдаланган ҳолда сув етказиб бериш орқали томорқа деҳқончилигини йўлга қўйиш режалаштирилган. Яна яқин кунларда ишга тушадиган “NARPAYTEX” корхонасига 100 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилади. Шунингдек, кооперация ташкил қилиниб, субсидия асосида 12 та тикув машинаси етказиб берилиб, лидер тадбиркорга бириктирилди ва март ойидан касаначилик шаклида ишга туширилади.
Ҳозирда маҳалламизда хорижга ишлашга кетган 32 нафар фуқаро бор. Улар билан боғланиб, қишлоққа қайтариш ва ишга жойлаштириш чоралари кўриляпти. Маҳалладаги энг ночор 28 оила тижорат банкларига бириктирилиб, уларнинг ҳар бирига имтиёзли шартлар асосида 100 бошдан товуқ бериш режаси ишлаб чиқилди.
Маҳалла идораси тураржой биносида
Чекка маҳаллага берилаётган эътибор, янги ва замонавий бинолар қурилаётгани аҳоли кайфиятига ҳам таъсир қилмоқда.
- Маҳалламиз 2830 гектар майдонда жойлашган, - дейди Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Феруза Қаршиева. – Дашт ҳудудда тарқоқ ҳолда жойлашганлигимиз учун аҳолимиз ердан катта даромад олмайди, шу боис оилаларнинг асосий эътибори чорвачиликка қаратилган. Аёлларнинг аксарияти ишсиз, бола тарбияси билан шуғулланади. Қишлоқ жойда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, даромад манбаини яратиш катта муаммо ҳисобланади. Шу боис, маҳалламиздаги хотин-қизлардан ишлаш истаги борлари тикувчиликка ўргатиляпти.
Бўстон маҳалла идораси ўтган асрнинг 80-йилларида тураржой биноси сифатида қурилган. Дастур доирасида янги маҳалла биноси қуриш ҳам режалаштирилган. Шу пайтгача фаоллар билан учрашув ёки бирор йиғилиш ўтказиш зарурати бўлса, мактабдаги бирорта бўш хонани танлардик. Янги маҳалла идорасида алоҳида фаоллар зали ва барча қулайлик мавжуд бўлади. Бўстон қишлоғидаги 180 ўринли 26-мактабни ҳам жорий таъмирлаш ва жиҳозларини янгилаш кўзда тутилган.
Қишлоқда ҳеч қандай муаммо қолмаслигини тасаввур ҳам қилолмасдим
Қишлоқ аҳолиси бошланаётган ишлардан хурсанд, маҳалладаги катта ҳашарга ҳисса қўшиш учун кўчаларга чиққан экан. Биз борганимизда ички ариқларни ковлаш ва ички йўлларга тош тўкиш ишлари давом этаётганди.
- Қишлоқда яшаб бир вақтнинг ўзида равон йўл, тоза ичимлик суви, бепул тиббий кўрик, электр энергиясида муаммолар бўлмаслигини тасаввур ҳам қололмасдим, - дейди Қўштепа қишлоғи оқсоқоли Абдусалом Ғуломов. – Қишлоғимиз 1970 йилларда ташкил қилинди, 1991 йилга келиб кўчалар шаклланди. Ўшанда бир нечта уй бўлган бўлса, ҳозир қишлоқда 275 та хонадон, 1400 аҳоли бор. Ҳозир қишлоқда 17 та ички кўча бор ва йил бошидан буён шу кўчаларга 470 машина қизил қум тўшалди. Бу шағалдан мустаҳкам ва биз учун арзон. Чунки маҳаллага яқин жойдан олинади. Электр тармоқлари учун 80 та бетон устун ўрнатилди, ёпиқ кабеллар тортилди, 1 та 250 кВтлик янги трансформатор қўйилди. Хонадонлар ўрганилиб, эҳтиёжи бор оилаларга газ баллон бериш чоралари кўриляпти. Маҳалламизда ёшлар асосан устачилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Ҳозирги катта ҳашар асносида шу ерда ишлаш истаги борларга маъқул келадиган ишлар, чоррвачиликни ривожлантириш истагидагиларга эса кредитлар таклиф қилиняпти. Албатта, бу ҳам бир имконият, давлатнинг кўрсатаётган ғамхўрлиги.
Юртимизнинг бошқа ҳудудлари қатори Бўстонда бошланган хайрли ишлар авж палласига кириб бормоқда. Бу ерда қисқа муддатда янги мактаб қурилиши, боғча, шифохонанинг замонавий ҳолда таъмирланиши, томорқаларга сув келиши ва деҳқончилик маданиятининг ортиши бўстонликлар учун унутилмас воқелик бўлиб қолади.
Ўктам Худойбердиев.