Ботга мурожаат: “Бир неча йилдан буён фильтрсиз заводнинг чангидан азият чекяпмиз”

Таҳририятга Самарқанд шаҳар Фарҳод қўрғони, Ширин маҳалласида яшовчи фуқаролардан мурожаат келди.

“Уйимиз ёнида “Идеал электро люкс” газ плитаси ишлаб чиқарувчи корхона бор. Корхона юқорисидан ҳар куни 10 минут давомида қизил ранг зарарли кукун аралаш чанг тарқатилади. Бир лаҳзада атрофдаги хонадонлар қип қизил чангга беланади. Чангдаги оғир чўкиндилар уйимиздаги ҳамма жойни қоплаб олади, нафас олишга қийналамиз, болаларнинг соғлиғидан хавотирланамиз. Экин ва ҳатто дарахт мевалари ҳам зарарланади”, дейди мурожаат эгаларидан Ширин маҳалласи 27/2 хонадонда яшовчи Абаева Нодира.

Таҳририятдан: Бизга етиб келган ҳужжатлардан кўринадики, фуқаролар мазкур ҳолатдан бир неча йиллардан бери азият чекади. Самарқанд шаҳар прокуратурасига, Экология бошқармаси ДСЭНМ ва бошқа қатор ташкилотларга мурожаат қилинган. Экология бошқармаси мутасаддиларининг фуқароларга жавоб хатида ҳолат ўрганилгани, ҳақиқатан ҳам зарарли чанг аниқлангани баён этилади. Аммо муаммо муаммолигича қолиб кетган. Мурожаатга кўра, ҳудудда яшовчилар Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига ҳам ариза билан борган, аммо ариза қабул қилинмай, ҳокимликка бориш тавсия этилган.