Ботга мурожаат: “Бошимиз устида” бино қуриб юборишди, бу қонунга мосми?

Таҳририятга Самарқанд шаҳри, Галаосиё маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилишди. Айтилишича, маҳалладаги Ислом Каримов кўчаси, 1-йўлакдаги хонадонларда Ф.Мухторов, М.Мухторов ва С.Саидмуродовлар ўз хонадони олд томонида қурилган янги бино сабабли азият чекмоқда.

“Ҳовлиларимиз катта йўлнинг ёқасида жойлашган. Шундоққина уйларимиз рўпарасидан катта йўл ёқасида 4 қаватли бино қуриляпти. Бинонинг деразалари ҳам кўчага, ҳам бизнинг ҳовлига қаратиб ўрнатилган. Баландлиги сабабли ҳовлида бемалол юриб бўлмайди. Энг ёмони, қуёш нуридан ҳам пана бўлиб қолди. Бино эгасига ҳам, маҳалла раисига ҳам бир неча марта тушунтирдик, фойдаси бўлмаяпти.

Бу ерда ўзи 4 қаватли бино қуриш мумкинми? Бунинг учун тегишли жойлардан ҳужжат олинганми? Қонун бўйича бино қурилишида қўшниларнинг розилиги олиниши керак эди. Бу қонун бекор бўлиб кетганми? Ўйлаймизки, шаҳримизда бу саволларга жавоб берадиган мутасаддилар бор. Мурожаатимизни ўрганиб чиқишларидан умидвормиз”.