Бойлитўпда сув ҳавзаси қурилди

Бу йилги аномал иссиқ дарё ва анҳорлар бўйи, кўл ва сув ҳавзалари соҳилларини одамлар билан гавжумлаштириб юборди. Бинобарин, шифокорлар ҳам иссиқ иқлим шароитида тез-тез чўмилиб туришни тавсия этишади
Шукур, юртимизда чўмилиш ҳавзалари кам эмас. Аммо дашт ва ярим саҳро жойларда бу орзуни рўёбга чиқариш анчайин мураккаб иш. Қўполроқ айтганда, туя ҳаммомни орзу қилгандай гап.
Бироқ қаловини топсанг қор ҳам ёнади. Ана шу ҳикматга амал қилган Қўшработ тумани “Бойлитўп” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи тадбиркор Мусо Мўминов маҳалладошларига, айниқса, ёшларга ажойиб совға тайёрлади. У ўз маблағи ҳисобидан маҳалла ҳудудида салкам 300 квадрат метр саҳнли сув ҳавзасини қуриб фойдаланишга топширди. Артезиан қудуқ бурғулаб сув чиқарди. Энди маҳалла ёшлари ва чўмилиш ишқибозлари учун жазирама иссиқ кор эмас. Муздек сувга бир шўнғилса, ҳар қандай жазираманинг тафти қирқилади.
Бугун ана шу иншоот маҳалла оқсоқоллари, фаоллари ва ёшлар иштирокида тантанали равишда очилди.
Тадбирда туман ҳокими Д.Шакарбоев иштирок этиб, маҳаллада сув ҳавзасининг барпо этилиши аҳолининг соғлом турмуши учун аҳамиятли экани ва тадбиркорларнинг барча ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Бобо Сароий.