Бозорда патта пули қанча?
Г.Комилов,
Пахтачи тумани.
– Аниқ меъёрлар бор. 2018 йил 17 февралда вилоят ҳокими қарори билан вилоятдаги барча бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан ундириладиган бир марталик йиғимлар тасдиқланган. Ҳужжатда 30 турдан зиёд қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан олинадиган бир марталик йиғимлар миқдори кўрсатилган. Бундан ташқари, бозор жойлашган ҳудудга қараб ҳам уч хил категория мавжуд.
Масалан, сиз ҳўл мева сотаётган бўлсангиз, бир марталик йиғим учун Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари ва Ургут, Самарқанд туманларида 5000 сўм тўлайсиз. Нуробод ва Қўшработ туманида худди шу йиғим 3000 сўм, қолган туманларда 4000 сўм. Ўзингиз яшайдиган Пахтачи туманидаги бозорлар мисолида бир неча турдаги маҳсулотлар учун бир марталик йиғим миқдори қуйидагича:
– қуруқ мевалар – 6500 сўм;
– сабзавотлар (шу жумладан, иссиқхонада етиштирилганлари), тузламалар, тухум, уйда тайёрланган консерваланган маҳсулотлар, пазандалик, қандолатчилик маҳсулотлари учун 3500 сўм;
– мол, қўй ва бошқа ҳайвон гўштлари учун 15000 сўм;
– дон маҳсулотлари учун 6500 сўм;
– дуккакли маҳсулотлар учун 6000 сўм;
– полиз маҳсулотлари учун 5500 сўм.
Шунингдек, мол бозорида сотиладиган ҳар бир йирик шохли қорамол учун вилоятнинг барча бозорларида бир хил нарх – 22000 сўм тўлов белгиланган. Қўй, эчки учун эса 16000 сўм.
Саволга вилоят бозорлар ва савдо
комплекслари уюшмаси мутахассиси
Солижон ЎСАРОВ жавоб берди.