Бозорда ун ва ун маҳсулотларининг тақчиллигига йўл қўймаслик ва нархлар барқарорлигини таъминлашга вилоят ҳокимлари ва прокурорлари масъул ва жавобгар этиб белгиланди
Президент иштирокидаги йиғилишда мутасаддиларга 1 августга қадар 20 та дон корхонасидаги давлат улушини савдога чиқариш, бир ой муддатда дон корхоналари қошида ташкил этилган нон цехлари ва савдо дўконларини хатловдан ўтказиб, савдога чиқариш вазифаси топширилди.
“Вилоят ҳокимлари ва прокурорлари яхшилаб эшитиб олсин. Ўзгаришларни баҳона қилиб, жойларда ун ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтириб юбориш, нарх-навони асоссиз ўсишига йўл қўйишга “саботаж” деб, сиёсий баҳо берилади.
Шу боис, вилоят ҳокимлари ва прокурорлари дон корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш ҳажмларини сақлаб қолишга “боши билан” жавоб беради”, деди Президент.
Бу борада вилоят ҳокимлари, ички ишлар ва прокуратура органлари раҳбарларига ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, янги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, қандай чоралар кўрилиши ва режалари бўйича тушунтириш бериш вазифаси қўйилди.