Бу ҳақда сессияда айтилди: Ташкилотлар томонидан давлат харидлари ва бошқа сарф-харажатларга оид жамоатчиликка очиқланиши шарт бўлган маълумотлар эълон қилинмаган
Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида очиқлик сиёсати билан боғлиқ бир қатор ҳужжатлар ижроси муҳокама этилди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи М.Ибодуллаевнинг ҳисоботига кўра, Президентнинг тегишли фармони билан тасдиқланган иловада барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланган.
Фармон билан жорий этилган тартибга биноан 10 март санасига қадар ҳисоботларни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар берилиши лозим.
Бироқ, корхона-ташкилотларнинг бирортаси амалга оширилган давлат харидлари, шу жумладан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар); мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар; Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар; корхонанинг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ёки ўз расмий веб-сайтларига жойлаштирмаган.
Бундан ташқари, Президент фармони билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Давлат тест марказининг таклифлари маъқулланиб, айрим турдаги имтиҳонларни ўтказиш жараёни Интернет тармоғида жонли эфир орқали узатиш тартиби белгилаб берилган эди.
Бироқ, вилоятдаги олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишларига кириш учун тест ва ижодий (касбий) имтиҳонлар; олий таълим муассасаларининг магистратура (клиник ординатура) босқичига қабул имтиҳонлари; республикадаги ёки хориждаги олий таълим муассасасидан маҳаллий олий таълим муассасасига ўқишни кўчириш истагини билдирган талабалардан олинадиган имтиҳонлар; хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишда талабгорлардан олинадиган тест синовларини онлайн режим орқали узатиб бориш йўлга қўйилмагани айтилди.
Вилоят кенгашида мазкур ҳолатлар танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқилди. Жамоатчиликка маълумотларни тегишли тартибда ошкор этмаган ташкилотлар борасида ОАВда чиқишлар тайёрланиши ҳам айтиб ўтилди.