Вилоятнинг ўсиш суръатлари сақланади

Бунинг учун ҳар бир тизим ва тармоқ жиддий ишлаши керак.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтинчи сессияси ўтказилди.

Дастлаб вилоят сектор раҳбарларининг вилоятни ишсизлик ва коррупциядан холи ҳудудга айлантириш, “Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича ҳисоботи эшитилди.

 - Ўтган йил вилоятимизда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 99,9 триллион сўмдан ошди ва ўтган йилга нисбатан 6,9 фоизга ўсди, - деди 1-сектор раҳбари, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев. - Бунда, саноат маҳсулотлари ҳажми 46,2 триллион сўм, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 57,5 триллион сўм, хизматлар ҳажми 58,9 триллион сўм, қурилиш-пудрат ишлари ҳажми эса 14 триллион сўмга етказилди. 350,4 минг аҳолининг бандлиги таъминланди. Бунинг натижасида ишсизлик даражаси 6,6 фоиздан 5,4 фоизга камайтирилди.

Маҳаллий бюджет даромадлари режадаги 4 977,3 миллиард сўм ўрнига  5 312,6 миллиард сўмга ортиғи билан бажарилди.

Умумий қиймати 1246,8 миллион долларлик 1463 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳалар доирасида 928,5 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди.

Экспорт прогнози йил якуни билан 716 миллион долларга етиб, экспорт географияси 63 давлатга етди.

106 таълим муассасасида қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилди. Натижада 27 минг ўқувчи ўрни учун шарт-шароит яратилди.

Вилоят туризм салоҳиятини ривожлантириш ва улардан самарали фойдаланиш мақсадида 11 та меҳмонхона, 39 та хостел, 74 та оилавий меҳмон уйи ҳамда 3 та даволаниш ва 3 та дам олиш маскани фаолияти ташкил этилди.

2025 йилда ҳам юқори ўсиш суръатларини сақлаган ҳолда, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 112,8 триллион сўмга, аҳоли жон бошига эса 25,9 миллион сўмга етказишни мақсад қилганмиз.

45 мингта микролойиҳа амалга оширилиб, 90,1 мингта янги иш ўрни яратилади. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ҳаётга татбиқ этилиб, асосий эътибор аҳолини даромадли меҳнатга жалб қилиш, касб-ҳунар ўрганиш, кафолатланган давлат тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланишга қаратилади.

Жорий йилда умумий қиймати 8,5 миллиард долларлик хорижий инвестиция асосидаги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиряпмиз.

Аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратиш, ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантириш мақсадида 11 500 хонадонли 184 та кўп қаватли уй-жой барпо этиш, урбанизация даражасини ҳозирги 36,6 фоиздан 37,2 фоизга етказишни режалаштирганмиз. 25 та сув иншооти қурилади, 38 та сув иншооти таъмирланади, 206,2 километр ичимлик сув тармоғи тортилиб, марказлашган ичимлик суви таъминоти 80,5 фоизга етказилади.

6400 та яроқсиз симёғочлар темир-бетон устунларга, 1,5 минг километр электр ҳаво тармоқлари СИП кабелларга алмаштирилади.

Мактабларда 19,5 мингта қўшимча ўқувчи ўрни яратилади, нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони 48 тага етказилади.

Вилоятнинг 14 та маҳалласида “Туризм қишлоқ”ларини ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошланади.

Спорт инфратузилмаси ривожланмаган 24 та маҳаллада спорт майдончалари барпо этилади, 3 та спорт зал ва 4 та спорт иншооти янгидан қурилади ва реконструксия қилинади.

Сессияда, шунингдек, 2-сектор раҳбари, вилоят прокурори М.Эшназаров, 3-сектор раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи Р.Маматов, 4-сектор раҳбари, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Э.Толлиевнинг ҳисоботи ва жорий йилга мўлжалланган режалари тингланди.

Шундан сўнг депутатлар “2025 йилда Самарқанд вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури”ни тасдиқладилар.

Дастурда вилоятдаги ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 6,3 фоизга ошириш, ишсизлик даражасини 4,8 фоизга ва камбағаллик даражасини 5,4 фоизга пасайтириш назарда тутилган.

Сессияда 2025 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича ўрнатилган солиқ ставкаларига камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар, солиқ тўловчилар учун белгиланган энг кам ва энг юқори ставкалар (диапазон) доирасида ҳудудлар кесимида миқдорларини ва мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг ижара тўлови энг кам ставкаларининг оширувчи коэффициентларини тасдиқлаш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 29 ноябрдаги “Камбағалликни қисқартириш бўйича белгиланган устувор вазифаларнинг бажарилишини назорат қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси тўғрисидаги ва Кенгаш ваколатига доир бошқа масалалар кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.