Кенгаш ҳузурида ёшлар маслаҳат гуруҳи ташкил қилинди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўққизинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарди.

Дастлаб вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Сатторов вилоятда 2024 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати тўғрисида ахборот берди.

Қайд этилишича, ўтган йил вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 194 та норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари лойиҳалари келиб тушган бўлиб, уларнинг 163 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ҳолда хулосалар берилган. 31 та қарор лойиҳаси белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли қайтарилган. 2023 йилда маҳаллий ҳокимликлар томонидан “E-qaror” электрон тизими орқали қарорлар қабул қилинишида 726 та қонунбузилишга йўл қўйилган бўлса, адлия органлари томонидан масъул ходимларнинг малакаси оширилиб борилиши натижасида 2024 йилда бу рақам қарийб 4 бараварга камайиб, 169 тани ташкил этди.

Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан вилоятдаги 2 мингдан ортиқ ташкилот ва муассасага хизмат кўрсатилиб, 637 минг 838 та ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертиза қилинган ва уларнинг 579 мингдан ортиғига ижобий хулоса берилган. Қонунчиликка зид бўлган лойиҳалар эса қайтарилган.

Ҳуқуқни қўллаш соҳасида 944 та давлат органлари ва ташкилотларида 915 марта назорат тадбирлари ўтказилиб, 136 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган. Мазкур ҳолатларни бартараф қилиш юзасидан 1465 та тақдимнома, 108 та огоҳнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 1635 та ва жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан 9 та таклиф, шунингдек судларга 933 та ариза киритилган.

Сессияда Самарқанд шаҳрининг Чокардиза қабристонида жойлашган Имом Мотуридий мажмуасини реконструкция қилиш, ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш орқали йирик зиёрат марказини барпо этиш мақсадида ҳудуддаги 220 та ҳамда Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасидаги Маҳдуми Аъзам мажмуасида реконструкция ишлари олиб борилиши муносабати билан 5 та турар ва нотурар жой объектлари ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш юзасидан тақдимот маъқулланди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Шукуров мазкур объектлар мулкдорлари билан очиқ муҳокама ўтказилиб, уларнинг розилиги асосида ер участкалари олинишини маълум қилди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги темирйўл орти қисмида жойлашган, шаҳар ва Самарқанд тумани ҳудудига кирувчи 3 мингга яқин маънан эскирган уй-жойлар ўрнида реновация лойиҳаси асосида 100 минг аҳоли учун кўп хонадонли уй-жойлар қурилиши амалга ошириладиган ҳудуднинг чегараси белгиланди.

Депутатлар географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича вилоят комиссияси йиғилиш баёни ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг экспертиза хулосаси асосида Оқдарё туманидаги Турон аҳоли пункти номини шу ҳудуднинг тарихий номи “Арпаариқ” деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилдилар.

Шундан сўнг халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузурида Ёшлар маслаҳат гуруҳини ташкил қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббус ҳамда Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори асосида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, ёшлар масалаларига доир қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда муҳокама қилишда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Кенгаш ҳузурида 30 нафар йигит-қизлардан иборат ёшлар маслаҳат гуруҳи ташкил этилди. Улар вилоят Кенгаши депутатларига “Устоз-шогирд” анъанаси асосида бириктирилди.

Сессияда вилоятда ичимлик ва оқова сув хизматлари учун янги тарифлар миқдорини белгилаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.