Ўтган йил якунлари ва бу йилги режалар ҳақида ҳисоботлар тингланди

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг саккизинчи сессияси ўтказилди.

Сессия ишини Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарди.

Депутатлар дастлаб, “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи З.Саидованинг ҳисоботини тинглади.

Вилоят ҳокими ўринбосари ўтган йил хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот берди.

Қайд этилишича, 2024 йилда 156 нафар оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, турар жойга муҳтож хотин-қизлар уй-жойлар билан таъминланган. Бу йил яна 110 нафар шу тоифадаги аёлларнинг муаммосини ҳал этиш режалаштирилган. Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 210 нафар хотин-қизларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди, ихтисослашган тиббий марказларда саломатлигини тиклади.

“Аёллар дафтари”га киритилган 104 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг барчасига белгиланган тартибда ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 38 минг 758 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Жорий йилда “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичида вилоят бўйича 104 минг 509 нафар хотин-қизга ёрдам кўрсатилиши белгиланган.

З.Саидованинг қизларни эрта турмушга бериш, ноқонуний ва эрта никоҳларнинг олдини олиш, оилавий ажримларни камайтириш ва фарзандлари учун алимент олувчи хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар юзасидан маълумотлари бўйича депутатлар ўз муносабатини билдириб, таклиф ва тавсияларини баён қилдилар.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиев аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш ҳолати юзасидан ахборот берди.

– Ўтган йил давомида Президент виртуал ва халқ қабулхоналарига вилоятимиз аҳолисидан 124 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг (82 фоизи) қаноатлантирилган, – деди М.Турдиев. – Жумладан, 53 мингдан ортиғи (44 фоизи) ижобий ечимини топган. Лекин мурожаатларни ижобий ҳал этиш даражаси Нуробод (40 фоиз) ва Ургут (41 фоиз) туманларида энг паст бўлди. Энг кўп мурожаатлар Пахтачи, Оқдарё, Паст Дарғом туманлари, Каттақўрғон ва Самарқанд шаҳрига тўғри келди. Мурожаатларнинг асосий қисми ижтимоий таъминот, ижро иши, алимент ва қарз ундириш масалалари, хизматчилар фаолияти ва хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ бўлди. Йил давомида 17832 та такрорий мурожаат келиб тушган бўлиб, бу турдаги мурожаатлар Паст Дарғом, Каттақўрғон, Пахтачи, Пайариқ туманлари ва Самарқанд шаҳридан тушган. Аҳоли мурожаатларининг 1169 таси раҳбарлар шахсий қабулини уюштиришга доир бўлиб, жумладан, 391 киши Президент қабули бўйича мурожаат қилди.

Ахборот юзасидан мурожаатлар билан ишлашда камчиликларга йўл қўйган масъуллардан изоҳ сўралди.

Кун тартибига мувофиқ, вилоятда ичимлик суви ва оқова тизимини такомиллаштириш юзасидан 2024 йилда амалга оширилган ҳамда жорий йилга мўлжалланган ишлар бўйича “Самарқанд сув таъминоти” акциядорлик жамияти директори Т.Бобоев ҳисобот берди.

Ҳисоботда келтирилишича, ўтган йил 154,3 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 588,5 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда 602 та ичимлик сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган. 6 та оқова сув тозалаш иншооти қурилган. Вилоят прокуратураси ёрдами билан жамият тасарруфида бўлган 509 та сув иншоотида таъмирлаш, рақамлаштириш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан, 317 та сув иншоотида рақамлаштириш тизимини ўрнатиш мақсадида ва доимий ишлашини таъминлаш, назорат қилиш учун 155 та сув иншоотида видео кузатув камералари, 326 та қуёш панелли тунги ёритиш чироқлари, 63 та зарарсизлантириш ускуналари ўрнатилди.

2025 йилда вилоят аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 134 та объектда 113 та сув иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 671,1 километр ичимлик сув тармоқларини тортиш бўйича таклифлар берилган. Халқаро молия институтлари, жумладан, Жаҳон банки иштирокида Каттақўрғон шаҳрида 66 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиб, суткасига 20 минг метр/куб қувватли оқова тозалаш иншооти, 3 та сув иншооти, 64 километр сув ва 48,9 километр оқова тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш белгиланган. Ушбу лойиҳа натижасида 36 та маҳаллада яшовчи 85,6 минг аҳоли ичимлик суви ва оқова хизмати билан таъминланади.

Сессияда, вилоятда 2025 йилда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида танланган маҳаллаларда электр энергияси барқарор етказиб берилишини яхшилаш ҳамда ички йўлларни таъмирлаш бўйича дастурга киритилган таклифларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш, халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Давлат бошқарув органларига ишга ўтганлиги муносабати билан халқ депутатлари вилоят Кенгашига 49-Равонак сайлов округидан сайланган депутат Дилфуза Азизова ҳамда 58-Жозмон сайлов округидан сайланган депутат Мирзо Ихтиёровнинг депутатлик ваколати уларнинг ўз аризасига кўра муддатидан олдин тугатилди.