Сўнгги сессияда депутатлар раҳбар ҳисоботини қабул қилмади
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бир юз тўртинчи сессияси ўтказилди.
Олтинчи чақириқдаги мазкур сўнгги сессия давлат мадҳияси билан бошланди.
Депутатлар дастлаб, вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Аҳад Ўроқовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг вилоятдаги ижроси юзасидан ҳисоботини эшитдилар.
Қайд этилишича, қарор ижроси юзасидан вилоятда муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги чорраҳаларини тўлиқ рақамли бошқарув тизимига ўтказиш мақсадида 150 та светофор объектларини рақамли бошқарув тизимига ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларида жорий йил 1 октябрь ҳолатида 3009 дона йўл белгилари, 18 дона светофор ўрнатилди. Туманлар ва шаҳарлардаги аҳоли гавжум бўлган жойларда кейинги уч йилда пиёдалар томонидан бошқариладиган 33 та светофор қўйилди. Аҳоли пунктларида пиёдалар ва велосипедда ҳаракатланиш учун 33 километр йўлаклар қурилди. Юк автомобилларининг вазн параметрларини назорат қилувчи 2 дона кўчма тарози фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йилда вилоят ҳудудидаги 365 километр узунликдаги умумфойдаланув автомобиль йўллари таъмирланди. Шунингдек, 18 та кўприкда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳисоботда вилоят ҳудудидан ўтган М37 ва М39 автомобиль йўлларида амалга оширилган таъмирлаш ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Аммо депутатларнинг мазкур чора-тадбирлар автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтиришда қанчалик самара бераётгани ҳақидаги ва бошқа саволларига бошқарма бошлиғи жавоб бера олмади. Шунингдек, вилоятдаги йўлларнинг ҳолати ва бунинг оқибатида келиб чиқаётган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлил қилинмаётгани, зарур чора-тадбирлар белгиланмаётгани танқид қилинди.
Шу сабабли депутатлар ҳисоботни зарур маълумотлар киритилган ҳолда қайта тайёрлаш кераклигини қайд этиб, рад этди. Ушбу масала Кенгашнинг кейинги сессияларида қайта кўриб чиқилиши белгиланди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 9 январдаги “2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Темур Маҳмудов ҳисобот берди.
– Ўтган саккиз ой давомида Бандлик дастури доирасида “yangiish.mehnat.uz” платформасига соҳалар бўйича масъуллар томонидан 297,7 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланганлиги тўғрисида маълумотлар киритилди, - деди Т.Маҳмудов. – Бу маълумотлар Солиқ қўмитаси базаси билан солиштирилганда, 43,7 минг нафар фуқаро ҳақидаги маълумотлар солиқ ҳисоботларида акс этмаганлиги аниқланди. Дастур ижроси бўйича белгиланган саккиз ойлик режа вилоят миқёсида 218,9 минг ўрнида амалда 254 мингтага бажарилган бўлса-да, соҳалар бўйича айрим туманларда белгиланган режа бажарилмади. Масалан, инвестиция дастурлари доирасида ишга туширилган лойиҳалар ҳисобига яратилган янги иш ўринларида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган режа Оқдарё туманида 44 фоизга (328 та ўрнида 145 та), Пайариқда 87 фоизга (152 та ўрнида 132 та) бажарилган. Хизмат кўрсатиш соҳасида белгиланган режа асосан соҳада ўзини ўзи банд қилганлар ҳисобидан бажарилмоқда. Мисол учун, Пайариқ туманида 70 фоиз, Каттақўрғон шаҳрида 65 фоиз, Каттақўрғон ва Қўшработ туманларида 62 фоиз бандлиги таъминланганлар ўзини ўзи банд қилганлар ҳиссасига тўғри келади. Янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва мавжудларига кўмак бериш йўналишида Самарқанд шаҳри ва Паст Дарғом туманидан бошқа бирорта туман (шаҳар)да белгиланган режа бажарилмаган.
Мазкур масала муҳокамаси чоғида депутатлар ҳисоботларни тўғри юритиш, норасмий банд бўлганлар билан ишлаш, миграциядаги фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
Сессияда депутатлар жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилишига рухсат бериш тўғрисидаги, “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг мобил ва симли маълумотларни узатиш тармоқларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида телекоммуникация инфратузилмасини Самарқанд вилоятида янада ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа концепциясини келишиш тўғрисидаги, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масалаларни ҳам кўриб чиқиб, қарорлар қабул қилдилар.
Сессияда якунида Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов депутатларга ўтган беш йилдаги самарали фаолияти учун миннатдорлик билдирди.
Беш йил давомида вилоят Кенгашининг 104 та сессияси ўтказилди. Ушбу сессияларда 815 та масала кўрилди. Жумладан, 259 та ҳисобот, 65 та ахборот эшитилди. 59 та ҳоким қарори тасдиқланди.
Ўтган даврда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари томонидан ижро органларига 1490 дан ортиқ депутатлик сўрови юборилди. Вилоят Кенгаши депутатларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан 2328 та мурожаатлар келиб тушган ва 1577 таси ҳал этилган.
Кенгаш раиси 27 октябрь куни ўтказиладиган сайловда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган шахсларга омад тилади. Фаол ва ташаббускор депутатларнинг бир гуруҳига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси топширилди.