Қурилишдаги қинғирликларга нисбатан муросасиз бўлиш зарур
Бу ҳақда бугун ўтказилган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари тўқсон тўққизинчи сессиясида айтилди.
Кенгаш котибияти мудири С.Усмонов бошқарган сессияда дастлаб, вилоят ҳудудий сайлов комиссияси таркибига номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги масала кўрилди.
Сайлов кодексига кўра, ҳудудий сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.
Марказий сайлов комиссияси сайловга камида саксон кун қолганида ҳудудий сайлов комиссияларини комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг ўн икки-ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузади.
Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссиясига 21 нафар номзод, жумладан, комиссия раислигига Хўжақул Муҳаммадиев тавсия этилди.
Сайлов қонунчилигига кўра, жорий йилда парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатларининг ваколати тугайди ҳамда кейинги беш йил учун депутатлар сайлови ўтказилади.
Шундан сўнг вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни камбағаллик даражасидан чиқариш, хорижда юрган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш, “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш, аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилувчи омилларни бартараф этиш бўйича вилоят сектор раҳбарларининг 2024 йил I чорагида амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.
Вилоят ҳокими хизмат сафарида бўлгани сабабли биринчи секторда амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов ҳисобот берди.
Қайд этилишича, биринчи секторга қарашли Самарқанд шаҳар, Нарпай, Пахтачи ва Каттақўрғон туманларида “Сайхунобод ва Уйчи туманлари тажрибаси” мисолида аҳоли даромадларини ошириш, шунингдек, банкларнинг мижозлари билан ўтказилган учрашувларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш орқали янги иш ўринларини яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ҳисобот даврида сектор бўйича 21,8 минг нафар аҳолини бизнесга жалб қилиш режалаштирилиб, амалда 33,1 минг нафар аҳоли бизнесга ўргатилган.
Вилоят прокурори М.Эшназаровнинг ҳисобот беришича, иккинчи сектордаги Каттақўрғон шаҳрида 249 та, Иштихонда 434 та, Пайариқда 430 та, Қўшработда 231 та хонадон ўрганилиб, уларга асбоб-ускуна харид қилиш, иссиқхона ташкил этиш, паррандачилик билан шуғулланиш, томорқада деҳқончилик қилиш учун уруғлик сотиб олишга 590 миллион сўмдан ортиқ субсидия маблағлари ажратилиб, аҳоли бандлиги таъминланган.
Вилоят ИИБ бошлиғи Р.Маматов учинчи сектордаги Нуробод туманида 8 та, Паст Дарғомда 10 та, Ургутда 4 та, Самарқанд туманида 7 та хонадон танлаб олиниб, улардаги 823 сотих томорқа ер майдонида “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этилаётганини таъкидлади. Бу хонадонларга агрономлар бириктирилиб, экинлар парваришида аҳолига ёрдам бермоқда.
Биринчи чорак давомида сектор ҳудудида ўтказилган сайёр қабулларда 2013 нафар фуқаро томонидан 2117 та масала бўйича мурожаат қилинган. Бу мурожаатларнинг 1087 таси ижобий ҳал этилган, 488 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган ва 540 таси ваколатли идораларга юборилган.
– Тўртинчи секторга қарашли Оқдарё, Тойлоқ, Жомбой ва Булунғур туманларида биринчи чоракда аҳолини бизнесга жалб қилиш, норасмий фаолият юритаётган тадбиркорларни расмий секторга ўтказиш йўналишида 33 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, – деди тўртинчи сектор раҳбари, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Э.Толлиев. – 367 нафар ишсиз ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтди. Хўжалик юритувчи субъектларда норасмий ишлаётган фуқароларни легаллаштириш ҳисобига 377 киши доимий иш билан таъминланди. Маҳаллада микро ва кичик лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 17 та муаммо ҳал этилди. Дастурлар доирасида аҳолига имтиёзли кредитлар ажратиш ҳисобига 768 та лойиҳа амалга оширилди.
Сессия кун тартибига мувофиқ, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Самарқанд вилояти прокурори ўринбосари Д.Саидқулов ҳисобот берди.
Ҳисоботда келтирилишича, вилоятимизда жорий йилдаги давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун бюджетдан 1,6 трлн. сўм ажратилмоқда. Бунинг эвазига 233 та объектда ишлар бажарилиши режалаштирилиб, бугунги кунда 232 та объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, 50 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган.
– Афсуски, дастур ижросини таъминлашда масъулларнинг етарлича жонбозлик кўрсатмаганлиги ҳамда ўзибўларчилик кайфиятида иш юритаётганлиги кузатилмоқда, – деди Д.Саидқулов. – Хусусан, 138 та объектнинг пудратчиси танланмаган ва ишлар бошланмаган. “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2023 йилнинг иккинчи мавсуми бўйича 91 та объектнинг қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланган бўлса-да, 22 таси фойдаланишга қабул қилинмаган. Қурилиш соҳасида содир этилиши мумкин бўлган жиноий хатти-ҳаракатлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар давомида ҳар бир лойиҳанинг асослилиги ўрганилиб, 199 ҳолатда лойиҳа ҳужжатларига ортиқча ёки заруратсиз киритилган 143 миллиард сўм маблағ мақбуллаштирилди.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида Паст Дарғом туманидаги 21-мактабда “Қобил Қурувчи Сервис” МЧЖ томонидан олиб борилган қурилиш-монтаж ишлари давомида 587,2 миллион сўм маблағ талон-торож қилинганлиги ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суднинг ҳукми билан айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланиб, етказилган зарар тўлиқ ундирилди.
Депутатлар мазкур масала муҳокамаси чоғида қурилишдаги қонунбузарликлар юзасидан кескин чоралар кўриш, қонунчиликка зарур ўзгартиришлар киритиш бўйича бир қатор таклифларини билдирдилар.
Сессияда Самарқанд вилоятининг Жиззах, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари билан маъмурий-ҳудудий чегара чизиқларини тасдиқлаш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” (2-босқич) лойиҳаси доирасида ажратиладиган маблағлардан самарали ва ўз вақтида фойдаланиш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш тўғрисидаги ва бошқа масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.