Олис мактаблар ўқувчилари учун автобус қатновини йўлга қўйиш, туманларда оқова хизматларини жорий этиш, қурилишларда сифатни таъминлаш

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўртинчи сессиясида шу каби ўнга яқин масала бўйича депутатлар саволлар берди, таклифлар билдирди.

"Сессия шундай ўтиши керак!". Аввало, айтиш керакки, сессиядан сўнг аксарият депутатларнинг хулосаси шундай бўлди. Хўш, нега?

Бу, аввало, янги чақириқда маҳаллий давлат ҳокимияти ва вакиллик органининг ваколатлари бир-биридан ажратилгани билан боғлиқ. Яъни, энди вилоят ҳокими ижро органига ва бир вақтнинг ўзида вилоят Кенгашига раҳбарлик қилмайди. Биринчи сессияда депутатлар орасидан Кенгашга раис сайлаб олингани ҳақида хабар бергандик.

Иккинчидан, сессия аввалгидек вилоят ҳокимлиги биносида эмас, Кенгашлар уйида ўтказилди. Эндиликда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва унинг котибияти ушбу бинода фаолият кўрсатади.

Учинчи яна бир ўзгариш – сессияга, Кенгаш раиси иштирок этмагани сабабли, халқ депутатлари вилоят Кенгашида энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳи аъзоси Ҳайдар Ўроқов раислик қилди.

Депутатлар дастлаб, “Ўзбекистон-2030” стратегияси асосида 2024 йилда Самарқандда амалга оширилган ишлар тўғрисида вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Шукуровнинг ҳисоботини эшитдилар.

Вилоят ҳокими ўринбосари ўз йўналиши бўйича, яъни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастурининг энергия ресурсларини иқтисод қилиш, транспорт хизматлари, йўл инфратузилмаси, аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, яшиллик даражасини ошириш ҳамда маиший чиқинди хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ масалаларга тўхталди.

– Қайта тикланувчи энергия манбаларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида вилоятимизда 84,2 МВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилди, – деди А.Шукуров. – Бунинг натижасида қайта тикланувчи энергия манбаларининг жами истеъмолдаги улуши 8,9 фоизга етди. Йил бошидан буён 352,3 миллион йўловчига транспорт хизматлари кўрсатилиб, йўловчи ташиш хизматлари ҳажми 104 фоизга етказилди. Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, урбанизация стратегиясини амалга ошириш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш даражасини ошириш бўйича 11300 хонадонли 182 та уй-жой қурилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 3797 хонадонли 62 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Булунғур ва Ургут туманларида бошланган “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши Тойлоқ тумани ва Самарқанд шаҳрида ҳам бошланди. Янги уй-жойлар қурилиши натижасида йил якунига қадар урбанизация даражаси 37,5 фоиз етиши кутилмоқда. Давлат дастурида белгиланган инфратузилма лойиҳаларини барқарор ва узоқ муддатли молиялаштириш манбалари билан таъминлаш бўйича аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 492,1 километр сув тармоқлари ва 93 та сув иншооти қурилди. Бунинг натижасида аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 77,6 фоизга етди. Шаҳар ва қишлоқлардаги маҳаллаларнинг 3 минг километр узунликдаги ички автомобиль йўлларини асфальтлаш ва шағаллаштириш ишлари амалга оширилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор мавсумида 11,6 миллион туп, кузги мавсумда эса шу кунга қадар 6,3 миллион туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экилди.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифатини яхшилаш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар туфайли вилоятдаги 1126 та маҳалланинг 1123 таси қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари билан қамраб олинган. Чиқиндини қайта ишлаш билан шуғулланувчи 19 та тадбиркорлик субъекти томонидан жорий йилда 24 минг 272 тонна полимер маҳсулотлари, қоғоз-картон чиқиндиларини қайта ишланиб, чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 38 фоизга етказилди. Иштихон ҳамда Жомбой туманларидаги иккита маиший чиқинди полигони ёпилиб, маиший чиқинди полигонларини қисқартириш даражаси 7,5 фоизни ташкил этди.

Ҳисобот юзасидан депутатлар вилоят ҳокими ўринбосарига ҳудудларда мавжуд муаммолар, ечимини кутаётган масалалар юзасидан саволлар берди.

Жумладан, давлат дастурида белгиланган олис мактаблар ўқувчилари учун автобус қатновини йўлга қўйиш, туманларда оқова хизматларини жорий этиш, қурилишларда сифатни таъминлаш ва лойиҳа институтлари масъулиятини ошириш, Самарқанд шаҳар Қорасув массивига борадиган янги йўл ва кўприк қурилиши, жамоат транспорт хизматидаги муаммолар, чиқиндиларни олиб чиқиш хизматини кўрсатувчи корхоналар фаолиятидаги камчиликлар, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишдаги кўзбўямачиликлар масалалари қайд этилди.

Ўнга яқин депутат ҳисобот юзасидан савол ва таклифларини билдирди.

А.Шукуров ва тегишли идоралар раҳбарлари ҳар бир саволга жавоб бериб, кўтарилган муаммолар ечими бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди. Айрим масалалар масъуллар томонидан ўрганилиб, бу ҳақда Кенгашга маълумот берилиши таъкидланди.

Сессияда вилоятда почта алоқаси миллий операторининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш лойиҳа консепциясини келишиш, вилоят ҳокимининг 2024 йил 15 ноябрдаги “Вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қарорини тасдиқлаш, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тўғрисидаги ва бошқа масалалар ҳам кўрилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессиядан сўнг Кенгаш котибияти мудири С.Усмонов Олий Мажлис Сенатининг биринчи йиғилишида давлатимиз раҳбари маҳаллий Кенгашлар фаолияти юзасидан билдирган фикрлар асосида янги чақириқда маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари кўпайгани ва шу билан бирга масъулияти ошганини таъкидлади. Бу эса депутатлардан юксак фаоллик талаб қилиши, Кенгашдаги партиялар депутатлик гуруҳлари, доимий комиссиялар ҳам энди янгича тартибда ишлаши лозимлиги қайд этилди.

Сенатдаги маърузасида Президент Шавкат Мирзиёев Кенгаш сўрови ва Кенгаш текшируви каби янги механизмлар орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назорат кучайтирилиши, маҳаллий Кенгашлар томонидан ҳар ярим йилда қилинган ишлар бўйича матбуот анжуманлари ўтказиш амалиёти йўлга қўйилишини таъкидлаган эди.