Бу йил 8300 нафардан зиёд самарқандликлар касаба уюшмалари орқали саёҳат қилган
Касаба уюшмалари тизимида туризмни ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури доирасида жамоа шартномалари орқали саёҳатлар уюштириш йўлга қўйилган. Йилнинг ўтган даврида 8364 нафар фуқаролар вилоятимиз ва юртимиздаги шаҳарлар бўйлаб диққатга сазовор қадамжолар, тарихий шаҳарларга саёҳатга чиққан. Бунда нафақат корхона-ташкилотлар ходимлари, балки уларнинг оила аъзолари ҳам иштирок этган.
Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов журналистларга маълум қилди.
Шунингдек, Рафиқов жорий йилда 6 мингдан ортиқ меҳнаткашларни соғломлаштириш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 2,5 минг нафар ходим турли санаторийларда дам олиб, ўз соғлигини тиклаб қайтганини маълум қилди.
Таъкидланишича, 116 нафар меҳнат ва уруш фахрийлари, байналминалчи жангчи, Чернобилчи ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ишловчи вакилларига, 49 нафар ўқитувчи ва мураббийлар бепул санаторияларга юборилган.
Бундан ташқари, вилоятда 2023 йил ёз мавсумида 16 та оромгоҳларда 9415 нафар болалар дам олдирилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 9421 нафар болалар оромгоҳларга бориб келган.