Бугун Борис Жонсоннинг ишда қолиш-қолмаслиги ҳал бўлиши кутилмоқда
Британия парламенти бош вазир Борис Жонсоннинг COVID-19 локдауни пайтида Даунинг-стритдаги базмда иштироки билан боғлиқ жанжал туфайли унга ишончсизлик вотуми бўйича овоз берилади, деб хабар бермоқда Sky News.
Телеканал маълумотларига кўра, у маҳаллий вақт билан 18:00 дан 20:00 гача (Тошкент вақти билан 22:00-24:00) ўтади.
Консерватив партия депутатларининг камида 15 фоизи, яъни 54 киши "Қўмита -1922" деб аталувчи ташкилот раиси сэр Грэм Брэдига Жонсонга ишончсизлик мактуби йўллади.
Маълумки, 2020-2021 йилларда Лондон қаттиқ локдаунда бўлган даврда Даунинг-стритда бир нечта «ўтириш»лар ўтказилган.
Май ойида Буюк Британия ҳукуматининг юқори мартабали амалдори Сью Грей коронавирусга қарши чекловлар бузилганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳисоботини эълон қилди. Жонсон ҳисоботда тасвирланган бир қанча тадбирларда иштирок этган ва истеъфога чиқиш талаби билан чиқаётган сиёсатчи ҳамда жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган.
Жонсон эса ўз лавозимини тарк этмоқчи эмаслигини айтмоқда.