Британиялик инвесторлар Ўзбекистоннинг телекоммуникация соҳасига сармоя киритмоқчи
Ўзбекистон элчихонасида Британиянинг "Stephen Simeon Limited" компанияси директори Бийи Олоко билан музокаралар ўтказилди.
Учрашув давомида Бийи Олоко Ўзбекистонга сўнгги йиллар ичида бир неча бор ташриф буюрганини билдирди ҳамда айни пайтда республикада телекоммуникациялар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва инвестицион муҳитнинг барқарорлиги унда лойиҳаларни амалга ошириш истагини уйғотганини маълум қилди.
Бийи Олоко мамлакатимизда фаолият олиб бораётган "Узтелеком" тасарруфидаги мобил алоқа минораларини хусусийлаштириш ҳисобига алоқа бозорида янги тижорат тизимини яратиш истагида ҳамда бу лойиҳага 10 миллион доллар сармоя киритишга тайёр.
Музокаралар якунида Британия томони 18-20 март кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилаётган "Offshore Outsourcing Tour" тадбирига ҳамда 2 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумига қатнашиш истагини билдирди.
"Stephen Simeon" консалтинг-технологик компанияси 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, "Thames Valley Park" юқори технологиялар парки ҳудудида жойлашган. Ушбу парк ҳудудида йирик компаниялардан тортиб стартапларгача бўлган 8 мингдан ортиқ технология қароргоҳлари мавжуд. Асосий фаолияти – телекоммуникация, IT бизнес ечимлари ва хизматлари, бизнесни трансформация қилиш ва корпоратив бошқарув. Африка ва Европа давлатлари, АҚШ ва Британияда лойиҳалар амалга ошириб келмоқда, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.