“Бугун ечими кечикаётган ҳар бир муаммо эртага фалокатга айланишига шак-шубҳа йўқ”: Халқ таълими вазири ўқитувчи ва ота-оналарга мурожаат қилди

Ўз мурожаатида Бахтиёр Саидов барчани фарзандлар таълимига эътиборсиз бўлмасликка чақираркан ўзига оғир ботган ҳолат, тизим ходимлари олдида турган вазифа ва шахс тақдирига алоҳида тўхталиб ўтган. Мурожаат сўнгида вазир ўқитувчи ва ота-оналардан соҳага оид таклиф ва мулоҳаларни кутиб қолишини билдирган.

“Ҳурматли ўқитувчилар, азиз ота-оналар!

Халқ таълими вазири лавозимига киришганимга кўп фурсат ўтмади. Давлатимиз раҳбари томонидан юртимиз келажагини белгилаб берувчи ўта масъулиятли соҳани менга топширилиши, сўзсиз жуда катта жавобгарликни юклади.

Таъкидлаш жоизки, фаолиятимнинг илк куниданоқ тизимда бугунгача амалга оширилган ва қилиниши лозим бўлган ишлар билан озми-кўпми танишдим. Дарҳақиқат, қилинган ишлар кўплиги каби қилинадиган ишлар ҳам ундан кам эмас. Бугун ечими кечикаётган ҳар бир муаммо эртага фалокатга айланишига шак-шубҳа йўқ.

Эътиборли жиҳати, лавозимга киришганимнинг илк кунлари хизмат сафари билан Жиззахга бордим. Жойлардаги мактабларга кирдим, ҳолат билан танишдим. Вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Садриддинованинг айтган бир гапи менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Афсуски, бугун айрим ота-оналар орасида фарзандларига:

“Ўқигин болам, ҳеч бўлмаса ўқитувчи бўласан”, деганлари ҳам учраётган экан. Бу гап менга жуда оғир ботди. Бугун бизнинг олдимизда турган биринчи галдаги вазифа мана шундай нотўғри қарашни йўқ қилиш!

Бир инсоннинг мустақил ва етук шахс сифатида камол топишида мактабнинг роли жуда катта. Айнан мактабда инсоннинг “Мен” деган тушунчаси шаклланади. Шунинг ўзи мазкур соҳада фаолият юритаётган ҳар бир инсоннинг олдига улкан масъулият, яъни бир шахс тақдири орқали миллат, давлат ва келажагимизнинг тақдирига жавобгарлик ётганини англатади.

Бунинг учун, аввало, педагогларнинг, ўқитувчилик касбининг мавқеини кўтаришимиз керак. Тўғри, тан олиш керак, ўқитувчиларнинг ҳам барчаси бирдек эмас. Фидойи ўқитувчилар бор, афсуски бу касбга адашиб ёки иложсизликдан кириб қолган ўқитувчилар ҳам бор. Лекин ўқитувчилик ва фидойилик тушунчалари доимо ҳамоҳанг бўлган. Ўқитувчи зиммасидаги масъулиятни ич-ичидан ҳис қилиши керак. Келажагимиз тақдири ўқитувчиларимиз қўлида.

Инсон борки, фарзандим, деб яшайди! Бас, шундай экан, халқ таълими соҳасига ҳеч биримизнинг бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ! Конимех, Қонликўл, Шеробод, Олот деган чекка ҳудудларимиз бор. У ердаги ота-оналар ҳамда болаларнинг келажакка ишончини уйғотиш ўз қўлимизда. Ота-она: “Ўқиб дунё олиб берармидинг, чиқ томорқада ишла” деб эмас, "Ўқи, билим ол болам, келажакда буюк инсон бўласан!", деб яшаши лозим. Муҳандис бўламан, олим, вазир ёки шифокор бўламан, деган боланинг шаҳди синишига йўл қўймаслигимиз лозим. Олдимизда турган асосий вазифа боланинг ҳам, ота-онанинг ҳам ўқишга бўлган иштиёқини ошириш!

Буюк файласуф Аристотель шундай деган: “Таълимнинг илдизлари аччиқ, лекин меваси ширин”. Бугунги аччиқ меҳнатимиз, албатта, келажакда ўзининг ширин мевасини беради. Бугун биз халқ таълими тизимидаги 7 миллион аҳоли тақдири орқали бутун халқимиз, ватанимиз келажагига таъсир ўтказамиз. Бунинг жавобгарлигини ҳар бир соҳада фаолият юритаётган инсон ҳис қилиши лозим. Ҳар биримиз таълим ривожи учун нима қила оламан, деган ўй билан яшасак, мақсадимизга эришамиз. Бугун жамоанинг олдига айнан мана шу вазифани қўйдим ва бу йўлда улар мен билан камарбаста бўлишларига ишонаман. Давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилган имконият ва юксак ишончни оқлашимиз зарур!

Бугун вазирлик томонидан Халқ таълими тизимини ривожлантириш бўйича келгуси 5 йиллик Миллий дастур ишлаб чиқилмоқда. Шу боис мен ҳар бирингиздан юқорида айтилган йўналишларда, яъни ўқитувчи нуфузи, ўқувчиларнинг таълим олишга бўлган иштиёқини ошириш, умуман халқ таълими тизимини ривожлантириш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларингизни изоҳларда ҳамда ушбу ҳаволадаги сўровнома орқали кутиб қоламан", дейди Бахтиёр Саидов ўз мурожаатида.