Бугун қуёш тутилади. Бундай пайтда нима қилиш лозим?

Ўша куни қуёш тутилди. Одамлар "Бу ҳодиса Иброҳимнинг вафоти сабабидан юзага келди", деб ўйлашди. Аслида бу ўй тўғри эмас эди.

Олдинроқ Расули акрамнинг (с.а.в.) уч нафар қизлари кетма-кет тупроққа берилган. Улар учун тутилмаган қуёшнинг Иброҳим учун тутилиши тушунилмасди.

Бунақа тушунчалар асҳоби киромнинг уст қатламидагиларга алоқаси йўқлиги ҳам ҳақиқатдир. Пайғамбаримиз бу миш-мишларни эшитган заҳотлари халқни тўпланишга буюрдилар. Ғамларини бир четга отдилар.

Эй инсонлар! Қуёш билан ой Аллоҳнинг қудратига далолат этадиган икки аломатдир. Ҳеч бир кимсанинг туғилиши ёхуд ўлиши сабабидан тутилмайди улар. Унинг тутилганини кўрганларингда дуо ва ниёз ила, намоз ила Аллоҳ таолога илтижо қилинглар! - дедилар.

Сўнгра одамларни сафланишга буюрдилар. Намоз ўқий бошладилар. Роса узундан-узоқ ўқидилар. Рукъуни ҳам жуда узоқ қилдилар. Рукъудан «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деб турдилар. Яна узоқ Қуръон ўқидилар. Яна рукъуга бордилар. Аммо бу иккинчи қироат билан рукъу биринчисидай узун бўлмади. Сажда қилдилар. Оёққа турдилар. Худди шу тарзда яна бир ракъат ўқидилар. Жами тўрт ракъатни шу шаклда ўқиб, намозни тугатдилар.
Бу орада қуёш очилиб кетди. Қуёш билан ой ҳеч кимнинг ҳаёти ё ўлимига боғлиқ ҳолда тутилмаслигини яна бир карра такрорладилар.
***
Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкент вақти билан 15:23 дан бошлаб қуёш тутилади.