Бугун туғилган кун

Шоира Хосият Бобомуродова 1950 йил 2 май куни Самарқанд вилоятининг Хатирчи (ҳозирги Навоий вилояти) тумани Ибн Сино жамоа хўжалигида туғилган.

 

У 1966 йилда ўрта мактабни тугатиб, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида ўқиган.

1967 йилдан бошланғич синф ўқитувчиси, 1975 йилдан мактабда директор бўлиб ишлаган. 1983-1989 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилояти, 1990-2003 йилларда Самарқанд вилояти бўлимларида масъул котиб лавозимида, 2003-2005 йилларда «Зарафшон» нашриёти директори бўлиб ишлаган.

Шоиранинг “Дарёдан қатра”, “Оқ йўл турналар”, “Самарқандга мактублар”, “Мен узган гуллар”, “Бормисан, ўзбек”, “Жонимнинг эгаси”, “Ватан ягонадир”, “Келин салом”, “Мағрурлик сабоғи”, “Қизилқум маликалари”, “Самарқанд санамлари”, “Қирқ ўғлон қиссаси”, “Саҳродаги жаннат”, “Сенсиз”, “Гул ёмғири”, “Ўқувчи одоблари” китоблари чоп этилган.

“Шуҳрат” медали соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Халқ таълими аълочиси.

***

Хайрлашгим келмас

Сени излаб ўзим келдим тоғ,

Кўрсанг кўксим илма тешик, доғ

Суя мени, қўллагил, шу чоғ,

Хайрлашгим келмас сен билан.

 

Эй, тоғ, лола кўкартирган тош

Бойчечаклар кўтармоқда бош,

Нега менинг кўзларимда ёш,

Хайрлашгим келмас сен билан.

 

Билмам, эртам оқми, қорадир,

Бағрим ўтдир, бағрим ярадир.

Эзилган дил йиғлаб борадир,

Хайрлашгим келмас сен билан.

 

Ҳар сўз юрагимнинг битта журъати,

Ҳар шеър ҳаётимдан узилган бир гул.

Ҳар сатр руҳимнинг битта сурати,

Ҳар шеърим бир дардкаш излаган кўнгил.

 

Англадим, эрмакмас, ҳавасмас улар,

Хосиятнинг қаддин тиклаган қирқ жон.

Ё мен йиқиламан, ё сўзлар қулар,

Ҳар бири кўксимда кечган бир исён!

* * *

Дилимдан то тилимгача сўз,

Оёғимдан қўлимгача сўз,

Тангрим, сўздан айлама жудо,

Ҳаётимдан ўлимгача сўз…

 

Дунёсига йўғу боримни,

Сўзим билан айтиб кетаман.

Тингламаса тилим зоримни,

Кўзим билан айтиб кетаман.