Бугун уйда қандай машғулотлар билан бандсиз?

Zarnews.uz  сайтимизда шу савол билан сўров ўтказилди. Унда иштирок этганларнинг 48 фоизи “Кўп вақтимни оилам билан бирга ўтказяпман”, деган жавобни танлаган. Шунингдек, саволга муносабат билдирганларнинг 12 фоизи “Анчадан бери қизиқиб юрган нарсамни ўрганишга киришдим”, 5 фоизи “Жисмоний машқлар билан шуғулланяпман”, 35 фоизи “Ҳеч нарса, чунки вақт йўқ, иш ҳам кўпайди”, деган жавобларга тўхталган. Эътиборимизни Сўровда қатнашганларнинг кўпчилиги вақтини оила даврасида ўтказаётгани эътиборимизни тортди. Хўш, бугун улар қандай машғулотлар билан банд? Шу мақсадда айрим кишилар фикри билан қизиқдик.

Шавкат БОБОМУРОДОВ, нурободлик бахши-шоир:

- Нурободнинг олис Ғаллакор маҳалласида истиқомат қиламан. 10 ёшимда тушимда бир бахши қўлимга дўмбира тутқазиб кетди. Бу ҳам Аллоҳнинг бир иноятими, билмадим, табиатдан, борлиқдан илҳом олиб хаёлимда жумлалар тузилади, дўмбирамни қўлга олиб куйлагим келаваради. Юртимизда 15 март куни коронавирус инфекцияси аниқланган илк бемор ҳақида хабар топгач, қалбимни тушуниб бўлмас ҳислар чулғаб олди. Шу кундан бошлаб "Буюк кураш” достонимни ёзишни бошладим. Унда бугунги мураккаб вазиятда жонларини хатарга қўйиб биз учун ишлаётган қаҳрамонларимизни мадҳ этдим. Бугунги кунгача термаларим қирқдан ошди. Ундан коронавирус, шифокорлар, фаррошлар, ички ишлар ходимлари, нурчилар ва бугунги қайноқ жараёнда ўз меҳнати билан жонбозлик кўрсатаётган юртдошимларимиз ҳақида  туркум термаларим  ўрин олган. Жумладан,

Нима бўлса қарагин–да кўзингга,

Қанча қора чаплаб олдинг юзингга,

Меҳмоннинг ҳам ҳурмати уч кун бўлар,

,,Корона"жон, қайтгин энди изингга, деб бошланган шеърим ҳам бор.

Замира ҲАМДАМОВА, қўшработлик ҳунарманд:

- Қуроқчилик момоларимиздан қолган ҳунар, мато қийқимларидан ҳосил бўладиган бетакрор санъат. Кичик, турли хил ранг ва шаклдаги бўлаклардан ранг-баранг уй-рўзғор буюмларини тикиш катта фантазия ва ҳисоб-китобни талаб қилади. Чунки, қуроқ учун махсус мато сотиб олинмайди, балки аввал ишлатилган матолардан қирқиб олинган ортиқча бўлаклардан фойдаланилади. Қуроқдаги геометрик шакллар учбурчак ва тўртбурчакларнинг ўзаро муносабатлари асосига қурилган бўлади. Мен асосан турнақатор усулидан фойдаланаман. Бунда оқ ва қора рангли матолар турли геометрик шакллар уйғунлигида бирлаштирилади. Асосан, келин-куёвлар учун қуроқ кўрпача ва ёстиқлар тикаман. Қадим одатларимизга кўра, момоларимиз ёшларнинг бир-бирига жипслашиб, қуроқдек қурашиб кетиши учун ният билан тикканлар. Карантин даврида ҳам бекор ўтирмай фарзандларим билан бирга кўрпа-ёстиқ тикиб қўйдик. Тикувчилик цехи очиш учун бинони таъмирлашимиз керак эди. Карантиндаги бўш вақтимиздан фойдаланиб бу ишни амалга оширяпмиз. Насиб бўлса, карантин тугагач, маҳалламиздаги кўплаб ёшларга қадим ҳунармандчилигимизни ўргатишни давом эттираман.

Гулшода ШЕРАНОВА, Самарқанд шаҳридаги 58-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси:

- Карантин даврида ҳам ўқув жараёнидан ажралмаганимиздан хурсандман. Телеграмм гуруҳлари орқали онлайн дарсларни бажараётган ўқувчиларим топшириқларини баҳолаб боряпман. Тўғри, инглиз тили ўргатиш индивудал ёндашувни талаб этади. Чунки ҳар бир ўқувчининг фанни ўзлаштириши ҳар хил. Кимдир кўпроқ тушунча талаб этса, айрим болалар дарров илғайди. Бугун ота-оналаримизнинг кўмагига таянган ҳолда ўқувчиларнинг дарсларда йўл қўяётган хато ва камчиликлари устида ишлаяпман. Шунингдек, мавзуга доир қўшимча машқлар ва бошқотирмалар орқали ҳам уларнинг билимларини оширяпман. Масофавий таълим жараёнида ўзим ва ўқувчиларимнинг ўз устида ишлаши, изланиши ортди. Уларнинг билим ва кўникмалари билинди. Масофавий таълим билан шуғулланиш билан бирга фарзандларимнинг таълим олиши, тарбияси  ва рўзғор ишларига ҳам улгуряпман.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА ёзиб олди.