Мутолаа: Бугунча байрам… Ҳажвия

Ҳа, ташвишу ғалвалардан жуда қон бўпкетдим. Ўзи бошдаёқ ишим юришмаганди. Калхўздаги биродарлар мени чоршанба оқшомида партком котиблигига сайлашган бўлса, пайшанба-саҳар Москвадаги айниган оломон комфирқани пўписалаб, майдонга чиқди. Кун бўйи телевизўрнинг ёнига михланиб, намойишчиларнинг қўлидаги шиор-пиорларни ўқиш билан овора бўлдим. Хайрият, «Фалончи йўқолсин!», «Пистончи ўрнини бўшатиб қўйсин!» деган ёзувлар ичида менинг фамилиям учрамади. Москвадаги баъзи катталарга нисбатан халқ орасида ҳали обрўйим баландлигини пайқаб, енгил тортдим.

Бу билан «ишим беш, ўзим йигирма беш», демоқчи эмасман. Айтганимдек, бошимда кунига бир ташвиш, кун ора икки ғалва. Шунақада шаҳарда туғилмаганимга кўп афсусланаман. Қишлоқиларга ҳаммаси бир гўр – раҳбар дейилдими, тамом: бу раисми, парткомми, бош буғолтирми, фарқлаб ўтирмай, тўйига тандир керак бўлсаям биринчи учраган бошлиққа арз қилаверади. Тунов куни бир комбайинчи хонамга кириб, хотини қаторасига қиз туғаётганидан шикоят қип кетди. Мен парткомман, бу масалада зоотехникка учраш, десам тушунмайди-да.

Шу хилдаги майда масалаларда, айниқса, чоллардан безор бўлдим. Бири кекса коммунистлигини пеш қилиб эшагига ем сўраб келса, бошқаси «сўққабошман, партиядан ўчган бўлсаям майли, биронта кампир топиб бер», деб хархашани бошлайди. Ўргилдим бунақа найниқ болшавойлардан, гапи ўқловдек, сиёсатдан – нўл. Мирза бува дегани Куйбишевни Қўйбешип, Калининни Каллелин дейди. Абрейим оқсоқол жамоат жойида тап тортмасдан «замон шундай тураверса, яқинда ўзингни хотинингниям таллон бериб ўпадиган бўласан», деб масхарабозлик қилади.

Ойнинг охири яқинлашгани сайин, ҳар сафар безгагим хуружини бошлайди. Бу – асабдан, ишимнинг энг оғир палласи – аъзолик бадалларини тўплаш. Баъзи муттаҳамникига уч-тўрт бостириб борганингдан кейин қўшниларидан уялганидан зўрға ярим-ёртисини тўлайди. Худоёрхоннинг солиқчиси эмасманки, ёнимда иккита гурзимушт йигитим турса. Шунақаларни бюрога қўйиб, шартта-шуртта жавобини берворай десам, аъзолар камайса охири ўзимниям штатим қисқариши мумкинлигини ўйлаб, шаштим қайтади.

Булар-ку майли, биттаси сувчи, иккинчиси молбоқар… Кейинги пайтда одамларнинг ички дунёсини кузатиб юриб, ҳатто идорадаги фаолларгаям ишончим қолмади. Тўғри, идорачилар газета ўқишади, бадалларни вақтида тўлаб боришади, мажлисларда ўзларини яхши тутишади. Лекин иккитаси холи қолди дегунча, оғизларига тезда шайтон қўнади. Масалан, иқтисодчимиз Ўлантойни энг синалган коммунистлардан деб юрардим: сиёсий сабоқни ўзи олиб боради, шийпонларга чиқиб маъруза айтиб туради. Бир куни идора ҳовлисига чиқсам, ферма мудири билан шахмат ўйнаб ўтирибди.

Бунақа ойликсиз бошқотирмаларга тоқатим йўқ, секин ортга қайтмоқчи бўлувдим, гаплари қўққис қулоққа чалиниб, тўхтаб қолдим. Кечирасиз-у, бунақа гапни сиёсий рақибларимиз ҳам очиқ гапирмайди. Четдан қараганда, икковининг кўзи гўё шахматда, аслида гапни чайишяпти. Ферма мудири тошлардан бирини «тақ» этказиб уриб: «Партия тамом!» – деди. Этларим жунжикиб кетди, «ҳозир Ўлантойдан эшитадиганингни эшитасан, контур», деб ўйладим. Буни қарангки: «Ҳа, бу партияни ютқаздик», деса бўладими. Хонага кириб, анчагача ўзимни босолмай ўтирдим. «Сотқин! Сен лаппашанг Ўлантой балки партиявийлигингни ютқазгандирсан, аммо биз партияни ютқазмаймиз!» – деб столни муштлаб юбордим. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳаммага ҳушёр боқиш зарурлигини ана ўшанда чуқурроқ тушуниб етдим.

Бошқаларнинг фикрини билмайман-у, менимча, баридан хавфлиси – ёшлар, ҳатто Ўлантойдан ҳам хавфлироқ дейиш мумкин. Аммо бошқа томонини тан олиш керак, ўнг келиб қолса, этагингга осон юрадиган тоифа ҳам шу. Мана, темирчимиз Фармонқул жуда тез йўлга кирди. Гараждаги айрим таноби бўш шахсларнинг биз тўғримизда айтадиган гапларини менга рўйи рост етказиб туради. Ўлмасам, шу болани комсорг қиламан. Ҳозиргиси қуюшқонга сиғмайроқ турибди ўзи. Ё анқов, ё душман – ҳатто шундоқ бурнининг тагидаги деворий газетани қолипга сололмайди. Яқинда бу газетадаги аксилтарбиявий бир шеърни вақтида йиртиб олишга улгурдим. Пайти келса керак бўлади деб, мана, ёнимда сақлаб юрибман:

«Бисмиллоҳир раҳмонир роҳим!»
Партбилетни оламан аста.
Котиб чет эл тўлқинин бузган
Аппаратдек йўталар қасддан.
Рангим ўчиб тўлайман бадал,
«Тап» этказиб урар у муҳр.
– Котиб ака, бир ой бўшмизми?
– Ҳа, қутулдинг…
– Аллоҳга шукур!
– Аллоҳинг ким?
Сени мажлисда –
Бир саваймиз, – дер у ғам емай.
Чўкиб ўлган эски парткомдек
«Агар худо хоҳласа», демай.

Қаранг-а, буларга қўйиб берилса, эртага ё Чўлпон, ё Фитратнинг «шеър» деган нарсасиниям сиёсий газетамизга тиқиштиришади. Индинига кўрибсизки, балога биз қолиб ўтирибмиз-да.

Кейинги вақтда тепадагиларниям унча тушунолмай қоляпман. Айтмоқчиманки, икки ҳафтача олдин марказқўмдан бир текширувчи келди. Ишимни кўриб, унимни ўпоққа, бунимни сўпоққа чиқарди. Ўзи партияга алоқаси йўқ жўрнолист одам, шуни марказқўмга ишга олишибди. Ёзган мақолаларини ўқисанг – «халқ», «халқ»… Халқинг билан юравермайсанми! Бизни иш тамом бошқа олам, тушунмасанг, аралашиб нима қиласан? Берган саволини қаранг: «Сизни котибликка сайлашда нима учун бошқа номзодлар ҳам қўйилмабди?» – дейди. Буни раисдан сўра. Ўшанда уч кишининг номзоди қўйилувди – меники, яна Турсинали билан Юрсиналиники. Раисимиз: «Турсинали яхши мутахассис, олий маълумотли агроном, тракторчи Юрсиналиниям бинойидек касби бор, буларни ишдан қолдирмайлик», деб иккаласининг номзодини олдириб ташлади. Тўғри-да, мен партия мактабини тугатганман, бундан бошқа қайси ишни уддалайман?

Текширувчи менга узоқ тикилиб туриб: «Кам бўлмасинлар, акахон!» – деб қўйди. Хайрият, охири аҳволимни тушунди шекилли. Сўнг чуқур уф тортиб, ўрнидан турди, «Ҳа, майли, байрам ўтиб олсин, балки ҳамма ташвишлардан қутуларсиз», деб жўнаб қолди.
Мана, бугун байрам…

1990 йил.