Бухоронинг ўрганилмаган тарихи кўп

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасидаги онлайн-семинарнинг навбатдагиси бўлиб ўтди.
Марказ ахборот хизматининг хабар беришича, унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, юртимизда илм-фан йўналишида фаолият юритаётган муассасалар ҳамда хорижий мамлакатлардаги тадқиқотчи олимлар иштирок этди.
Бу галги семинарда Нью-Йорк университети ҳузуридаги қадимги дунёни ўрганиш институти профессори Сорен Старкнинг “Антик давр ва ўрта асрлар ўртасидаги Бухоро: Бухоро шаҳристонидаги янги археологик тадқиқотлар” мавзуидаги маърузаси тингланди.
Нотиқ ўз маърузасида Бухоро воҳаси археологик бой ҳудуд эканлиги, бироқ унинг жуда оз қисми археологик қазишмалар шаклида ўрганилганлигини, сўнгги беш йил мобайнида ҳудудни Антик давр, яъни милодий давр бошланишига оид асрлардаги ҳолатини тадқиқ этиш имкониятлари кўпроқ яратилаётганини эътироф этди.
– Ажабланарлиси шундаки, замонавий воҳа ичкариси ва ташқарисида жойлашган барча йирик жойлардан энг кам қазилмалар шаклида ўрганилган ҳудуд – бу воҳа марказининг ўзи, Бухоро шаҳри ҳисобланади – деди Сорен Старк. – Шу сабабли биз бугунги кунда мазкур ҳудуд тўғрисида Самарқанд ва Марвни ўрганганимиз каби кўпроқ маълумот тўплашга аҳд қилганмиз.
Семинар давомида Бухоро воҳаси тарихига оид, Бухоро шаҳрининг ҳозирги жойлари билан қиёсланган қизиқарли маълумотлар келтирилди.