Буюк аллома меросини чуқур тадқиқ этишга имконият яратилди

Ўзбекистон – дунё цивилизацияси ва ислом равнақига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти. Бундай улуғ алломалар қаторида Абу Мансур ал-Мотуридийни ҳам келтириш мумкин.

Имом Мотуридий нафақат Марказий Осиёда, балки бутун ислом оламида ўз муносиб ўрнига эга бўлган диний арбоблардан ҳисобланади. Абу Мансур ал-Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик оқимлардан бири бўлмиш Мотуридия оқимининг асосчиларидан ҳисобланади.

Алломанинг ҳаёти ҳақида маълумотлар жуда оз ҳисобланиб, тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандийдир.

Ал-Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, Ҳанафия мазҳаби олимларидан дарс олиб, ўз билимини оширади. Бутун умри давомида шу соҳага оид асарлар ёзиб қолдирган. Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавийнинг (вафоти 1582 йил) "Катоиб ул-аълом ал-ахёр фи табоқот ва машаойих мазаҳаб ан-Нуъмон" ("Нуъмон мазҳабига мансуб бўлган таниқли аллома фақиҳлар ва шайхлар ҳақидаги китоб") номли китобида ал-Мотуридий ва унинг асарлари ҳақида айрим маълумотлар берилади.

Абу Мансур ал-Мотуридийнинг кўп асарлари бизгача етиб келмаган, етиб келганлари ҳам асосан хорижий мамлакатлар кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланади.

Ал-Мотуридий ислом оламида жуда нозик ҳисобланган "Китаб Тавҳид" — асари бизнинг давримизга етиб келган ва у 1970 йилда Фатҳуллоҳ Хулиф томонидан Байрутда нашр этилган. У ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиб, фиқҳга ва каломга оид асар ёзади.

Ал-Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади. Бу етук алломани улуғлаб “Имом ал-Худа” ва “Имом ал-мутакаллимин” (Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми) каби номлар билан ҳам атаганлар.

Ислом динининг ривожи учун улкан ҳисса қўшган бу буюк аллома, дин пешвоси, ватандошимиз 944–945 йилда Самарқандда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги “Чокардиза” қабристонига дафн этилган.

Аллома ҳаётини ҳамда илмий меросини янада чуқур ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 11 август куни Президентимиз Ш.Мирзиёев «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.

Қарорга кўра, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил этилди. Шунингдек, Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия ҳам таъсис этилди.

Ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ҳамда халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш бу тадқиқот марказининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг март ойи дастлабки кунларида Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси билан ҳамкорликда Самарқандда ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференцияда ҳам юртимиз ва хорижлик олимлар Имом Мотуридий меросини чуқур ўрганиш ва унинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш зарурлигини алоҳида қайд этган эди.

Давлатимиз раҳбарининг қарорида белгиланган кўплаб вазифа ва чора-тадбирлар эса айнан мана шу конференция якунлари бўйича қабул қилинган ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган эди.

Бир сўз билан айтганда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичи сифатида улуғ аллома аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илми меросини чуқур тадқиқ этиш, ёшларимизни эзгу умуминсоний ғоялар, муқаддас динимизнинг илм-маърифат, ҳалол-поклик, юксак ахлоқ ва эзгулик таълимоти асосида тарбиялаш имконини беради.

Зайниддин Эшонқулов,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби.