“Captiva” ҳайдовчиси велосипедчининг ўлимига сабабчи бўлди

Фарғона вилоятининг Данғарада туманида содир бўлган ЙТҲда велосипедчи вафот этди, дея хабар қилди ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати.

Ҳодиса 18 май куни соат 14:40 ларда туманнинг Қўриқ маҳалласи ҳудудидан ўтган А-373Б «Қўқон шаҳрига кириш» автомобиль йўлининг 21-километрида содир бўлди. Ҳайдовчи С.М. (1992 йилда туғилган, эркак) “Captiva” автомобилини тўсатдан чап томонга қайрилиб, ўзи билан бир йўналишда кетаётган велосипедчи, И.Т.ни (1966 йилда туғилган) уриб юборган.

Оқибатда велосипедчи 54 ёшли И.Т. оғир тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Данғара тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИВ ЙҲХББ барча ҳайдовчилардан пиёда ва велосипедчиларга эътиборли бўлишларини, пиёда ва велосипедчилардан эса белгиланмаган жойларда ҳаракатланмасликларини, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишларини сўрамоқда.