Черногория коронавирус устидан ғалаба қозонганини эълон қилди

Мамлакатда коронавирус инфекциясига чалинганлар қолмади. Бу ҳақда 25 май куни мамлакат Президенти Мило Джуканович маълум қилди.

Якшанба куни Черногориянинг жамоат соғлиғи институти сўнгги 68 кундан буён мамлакатда илк маротаба коронавирус ҳолати қайд этилмаганини маълум қилди. Ташкилот берган маълумотга кўра, мамлакат ҳудудида касалланганларнинг деярли барчаси тўлиқ соғайишга муваффақ бўлган.

“Черногория коронавирусни енгди. Касалланганлар қолмади. Энг қимматли қадрият – инсон ҳаёти учун кечган буюк жангнинг ушбу босқичи омадли якунланди”, дея ёзди мамлакат раҳбари ўзининг Твиттер саҳифасида.

У бундай натижага эришишга Чероногория давлат ташкилотларининг ва жамоатнинг юқори масъулиятли ёндашуви сабаб бўлганини алоҳида таъкидлаган. Черногория соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, мамлакат ҳудудида жами 324 нафар одам коронавирус инфекцияси билан касалланган, тўққиз киши вафот этган ва қолган беморларнинг барчаси тузалган.