Чет тилларни ўрганишда лингвистик тадқиқотлар қандай фойда беради?

27 май куни Самарқанд давлат чет тиллар институтида “Замонавий лингвистик тадқиқотлар: хорижий тажриба, истиқболли изланишлар ва тилларни ўқитишнинг инновацион усуллари” мавзуида халқаро онлайн илмий-амалий анжумани ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида"ги қарори таълим муассасаларида хорижий тилларни ўқитиш сифатини янада яхшилашда замонавий дунёқарашга эга бўлган авлодни тарбиялашда дастуриламал бўлмоқда. Бу соҳада замонавий лингвистик тадқиқотларнинг самарадорлигини оширишни таъминлаш алоҳида аҳамият касб этади.

Чет тилларни ўқитишнинг сифатини ошириш ва янада самарали усулларини таълим жараёнига тадбиқ қилиш, олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш, илмий салоҳиятли мутахассисларни тайёрлаш ҳозирги даврнинг долзарб масалаларидан биридир. Мамлакатимиз таълим тизимида илмий-назарий жихатдан асосланган, чет тилларни ўқитишда нутқий мулоқотга йўналтирилган янги педагогик технологияларни ёритувчи ва информацион технологиялар билан жиҳозланган дарсликлар, ўқув-қўлланмаларни яратиш ва ўқув жараёнига жорий этиб, хорижий тил таълимини янада такомиллаштириш миллий таълим дастурининг асосий мақсадидир.

Шу нуқтаи назардан хорижий тилларни ўқитишда анъанавий ўқитиш методлари ўрнига бутун дунёда устувор йўналиш сифатида тан олинаётган коммуникатив таълим метод ва усулларидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда мамлакатимиз ва хорижий давлатларда олиб борилаётган филологик ва линводидактик тадқиқотларга  таяниб иш олиб бориш яхши самара беради. Эртага, 27 май куни институтимизда “Замонавий лингвистик тадқиқотлар: хорижий тажриба, истиқболли изланишлар ва тилларни ўқитишнинг инновацион усуллари” мавзусида худди ана шундай илмий-амалий конференциялардан бири ташкил этилмоқда. Унда республикамиздаги олий таълим муассасалари профессорлари, чет тиллар бўйича етакчи мутахассислари ва Германия, Хитой, Жанубий Корея, Миср, Россия, Тожикистон, Қозоғистон ва Беларусь олимлари онлайн режимда иштирок этади.

Мазкур илмий анжуманда таниқли олимлар, хорижлик мутахассислар  германистика ва романистиканинг долзарб муаммолари, фразеология ва паремиология, замонавий–қиёсий типологик тадқиқотлар, замонавий таржимашунослик: анъаналар ва инновациялар, лингводидактика ва чет тили нутқига ўргатишнинг педагогик–психологик тамойиллари, инновацион педагогик технологиялар ва хорижий тажрибалар масалалари бўйича жамланган тажрибалари билан ўртоқлашадилар. Шунингдек, чет тили таълими соҳасига оид чоп этилаётган янги ўқув, ўқув-услубий адабиётлар мавзуларини мувофиқлаштириш, чет тилларини ўқитишнинг сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича замонавий тавсиялар билан бойитиш масалалари тўғрисида фикр алмашадилар. Конференцияда ҳозирги давр талабидан келиб чиққан ҳолда чет тили таълимига татбиқ этилаётган инновацион ахборот ва педагогик технологиялар бўйича тўпланган тажрибалар муҳокама қилинади.

Анжуманга замонавий лингвистик тадқиқотлар ва тилларни ўқитишнинг инновацион усулларига асосланган жами 130 дан ортиқ илмий мақолалар келиб тушган. Шу куни эса хорижлик ва маҳаллий олимлар томонидан  замонавий лингвистик тадқиқотлар ва тилларни ўқитишнинг инновацион усуллари бўйича долзарб масалаларга бағишланган маърузалар ўқилади.

Шу билан бирга анжуманда германистика ва романистиканинг долзарб муаммолари, аспектологиянинг долзарб муаммолари, замонавий қиёсий-типологик тадқиқотлар, замонавий таржимашунослик, лингводидактика ва чет тили нутқига ўргатишнинг педагогик-психологик тамойилларининг бугунги кундаги ечимини топиши керак бўлган масалалар муҳокама қилинади.

Назокат Содиқова,

СамДЧТИ немис тили ва адабиёти кафедраси катта ўқитувчиси.