Чиқинди қутилари қаерларда мажбурий тартибда ўрнатилиши лозим?

Қуйидаги жойларда мажбурий тартибда чиқинди қутилари ўрнатилиши лозим:

- кўп квартирали уйларнинг подъездига кириш йўлида – 1 та;

- ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотлар, шунингдек, савдо объектларининг биносига кириш (чиқиш) йўлида – 1-2 та;

- метро, ер ости ва ер усти ўтиш жойларининг ҳар бир кириш (чиқиш) йўлида – 2 та;

- аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун мўлжалланган объектларда (маданият ва истироҳат боғлари, ўрмон массивлари, боғлар, бульварлар, скверлар, хиёбонлар ва бошқалар) – объектнинг ҳар 800 м майдонида 1 та ва йўлаклар ва йўлкалар чизиғи бўйлаб ўрнатилганда бир-биридан 40 метрдан узоқ бўлмаган масофада;

- бозорлар ва савдо объектларида (супермаркет, гипермаркет ва бошқаларда) – объектнинг ҳар 250 м2 майдонида 1 та ва савдо дўконлари қатори бўйлаб ўрнатилганда – бир-биридан 10 метрдан узоқ бўлмаган масофада;

- жамоат йўловчи транспорт бекатларида – 1-2 та;

- автотураргоҳлар ва автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш майдончаларига кириш (чиқиш) йўлида – 1-2 та;

- даволаш муассасаларининг ҳовли ҳудудида – объектнинг ҳар 700 м2 майдонида 1 та, асосий аллеяларда эса – бир биридан 10 метрдан узоқ бўлмаган масофада;

- чекиш учун махсус ажратилган жойларда – 1-2 та;

- пляжлар ва сув акваториялари (дарёлар, кўллар, кўрфазлар ёки ҳовузлар)га туташ рекреация зоналарида – сув бўлинишидан 15 м ҳамда яшил экинлардан 3 – 5 м узоқликда жойлаштирган ҳолда, объектнинг ҳар 800 м2 майдонида 1 та;

- кўп квартирали уйлар атрофидаги ҳудудларда ва марказий майдонларда, йўлкаларда ҳамда магистрал кўчаларнинг пиёдалар зонаси бўйлаб, шунингдек, кўприкларда – ҳудуддан фойдаланиш интенсивлигидан келиб чиқиб, пиёдалар серқатнов ҳудудда – ҳар 50 метрдан ошмаган масофада ва одам кам жойларда – ҳар 100 метрдан ошмаган масофада 1 тадан.