Чўпонота тепалиги мамлакат миллий координаталар тизимининг нол нуқтаси этиб белгиланди
Вазирлар Маҳкакмасининг 2026 йил 10 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида миллий координаталар тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Миллий координаталар тизими тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Ушбу ҳужжат мамлакат ҳудудида ягона ва замонавий геодезик асосни шакллантиришга қаратилган.
Миллий координаталар тизими нима?
Бу - республика ҳудудидаги барча ер ўлчаш, кадастр, қурилиш, картография ва геоинформацион тизимлар учун ягона фазовий (географик) асос ҳисобланади. Яъни, барча координаталар, хариталар ва фазовий маълумотлар бир хил стандартга келтирилади.
Тизим қуйидаги асосий таркибий қисмлардан иборат:
- миллий геодезия референс датуми – координаталарни аниқлашда асос бўладиган геодезик модел;
- ер гравитация майдонининг глобал модели (ЕГМ2008) – баландликларни аниқлашда қўлланиладиган халқаро стандарт модел;
- бошланғич нол нуқта – тизимнинг таянч нуқтаси;
- давлат геодезия тармоғи пунктлари геоцентрик координаталари;
- миллий координаталар тизими маълумотлар базаси – барча координата тизимлари ва уларнинг метамаълумотларини жамловчи ягона платформа.
Бошланғич нол нуқта қаерда?
Миллий координаталар тизимининг асосий таянч нуқтаси Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри ҳудудидаги Чўпонота тепалигида жойлашган Давлат геодезия пункти етиб белгиланди.
EGM2008 модели нима беради?
У баландликларни аниқ ҳисоблаш имконини беради ҳамда халқаро стандартларга мос равишда ишлашни таъминлайди. Бу қурилиш, йўлсозлик ва муҳандислик лойиҳаларида юқори аниқликни кафолатлайди.
Маълумотлардан қандай фойдаланилади?
Миллий координаталар тизими маълумотлар базасидан махсус веб-саҳифа орқали рўйхатдан ўтиб фойдаланиш мумкин бўлади. Бу давлат органлари, лойиҳа институтлари ва мутахассислар учун қулай ва бир хилда ахборот алмашинувини таъминлайди.
- Бу қарор ер ҳисоби ва кадастр тизимини ягона стандартга ўтказади;
- Қурилиш ва инфратузилма лойиҳаларида аниқликни оширади;
- Рақамли хариталаш ва ГИС тизимларини такомиллаштиради;
- Халқаро геодезик тизимлар билан интеграцияни таъминлайди.