Даъват фидойиликка чорлайди

Унда илгари сурилган ғоялар, вазифаларнинг бажарилишини таъминлашда 2018 йил ва фуқароларнинг фаоллиги, меҳнатга муносабати, онгу тафаккурини ўзгартиришда ҳал қилувчи омил бўлади. Энди ҳар бир фуқаро – ишчи, хизматчи, ходим ва раҳбар қайси соҳада фаолият юритишидан қатъи назар, лоқайдлик, мудроқлик, ўтмишдан қолган маъмурий буйруқбозлик, кўрсатма кутиш кайфиятларидан воз кечиши, ташаббус кўрсатиб, фидойилик, мустақил фикрлаш билан ишлаши лозим. Бошқача айтганда, ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши талаб этилади. Бу дегани раҳбар, тадбиркор бўладими, олдига қўйилган вазифани бажариши учун мустақил фикрлайдиган, иқтисодиётни, ҳақ-ҳуқуқини биладиган, ақлу заковати, билими билан ресурс ва имкониятлардан оқилона фойдаланадиган фидойи инсон бўлмоғи зарур.
Қўлидан иш келадиган фуқаро қайси соҳада бўлмасин, уни ривожлантириш учун илғор технологиялар, инновацион ғояларни ўз ишига изчил қўллайдиган зукко кишига айланиши керак. Агар киши китоб  ўқимаса, изланмаса, янги ғоя, янги инновацион технологияни ишига жорий этмаса, ҳеч қандай тараққиётга эришиб бўлмаслиги Мурожаатномада қатъий таъкидланди.
Айниқса, Ўзбекистонни аграр давлатдан қишлоқ хўжалиги юксак индустрлаштирилган мамлакатга айлантириш тараққиётни жадаллаштиришда кенг уфқлар очади. Эндиликда боғдорчилик ва деҳқончилик маҳсулотларини сотишдан кўра, уларни қайта ишлаб, савдога чиқариш кўпроқ даромад келтириши тобора аён бўлмоқда. Бу борада Ўзбекистон катта имкониятлар мамлакати. "Ерига чўп суқсанг, дарахт бўлиб кўкаради", деган нақл бекорга айтилмаган. Аммо давлатимиз яратиб бераётган шароит ва имкониятларга қарамай, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш кўрсаткичлари ҳали талаб даражасида эмас. Жуда кўп деҳқон ва фермер хўжаликларида ердан фойдаланиш даражаси паст ёки ўтмишдан қолган яроқсиз усул – фақат пахта экиш билангина чекланиб қолмоқда. Пахта, ғалла билан бир қаторда полиз, сабзавот экиш, интенсив боғлар яратиш, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик йўлга қўйилган кўп тармоқли агрофирмалар ташкил этиш, маҳсулотни қайта ишлаб, қадоқлайдиган замонавий техник ускуналар билан жиҳозланган миницехлар очиш бош вазифа қилиб қўйилди.
Мурожаатнома юртимизда фойдаланилмаётган табиий ер-сув, саноат, ишлаб чиқариш ресурслари ҳисобга олинган ҳолда пухта ишлаб чиқилган мукаммал дастурлиги билан қимматлидир. Энг муҳими, ундаги ҳар бир рақам, таҳлил, таклиф халқ манфаати, халққа хизмат қилиш, халқни эъзозлашга қаратилган.