Дабдаба эмас, маънавият устувор бўлиши керак

Тўй ва маъракаларни ихчам ўтказиш бўйича “Маромийлик” лойиҳаси натижалари жамоатчиликка тақдим этилди.

Шу йил 24 октябрда республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Маҳаллалар уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида дабдабали тўйлар ва бошқа оилавий маросимларни ихчамлаштиришга қаратилган тарғибот кампанияси бошланди.

Ушбу бешта ташкилот томонидан 90 кунлик чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва бу йўналишда вилоятимизда ҳам қатор амалий ишлар бошлаб юборилди.

“Маромийлик” лойиҳаси доирасида вилоятда тўйларни ихчамлаштириш ва ортиқча дабдабаларсиз ўтказиш борасида аҳолининг фикрини ўрганиш мақсадида аноним сўровнома ўтказдик. Унда 1036 нафар фуқаро иштирок этди ва улар томонидан берилган 10 та саволга қуйидагича жавоблар қайд этилди:

“Самарқанд вилоятининг қайси туман ёки шаҳрида ўтказилаётган тўй ва маъракаларда ортиқча дабдабабозликка йўл қўйилмоқда?” деган саволга иштирокчиларнинг 46,9 фоизи Самарқанд шаҳри, 29,6 фоизи Ургут тумани, 9,6 фоизи Паст Дарғом тумани деб жавоб берган.

“Тўй ва маъракаларнинг дабдабали ўтишида оилада кимнинг роли каттароқ деб ўйлайсиз?” деган саволга эса 37,2 фоиз иштирокчи аёллар деб жавоб берган. Шу билан бирга, 25,3 фоиз - ота, 23,7 фоиз - келин-куёв, 10,8 фоиз ёши катта бобо ва бувилар деб белгилаган.

“Оилаларда дабдабали тўйларни ўтказишга қандай омиллар таъсир қилмоқда?” деган саволга 50,7 фоиз иштирокчи «Жамиятнинг барча аъзолари таъсир кўрсатади», деб жавоб берган. 16,1 фоиз — ҳеч қандай омил таъсир қилмайди, 14,3 фоиз — қўни-қўшнилар, 12,5 фоиз — қариндошлар деб кўрсатган. Шунингдек, кўплаб фуқаролар ортиқча дабдабали тўйлар “манманлик”, “кўз-кўз қилиш”, “ким ўзар” каби иллатлар натижаси эканини таъкидлашган.

“Қанча маблағ эвазига келин тўйини ўтказиш мумкин?” деган саволга 47,1 фоиз — оила бюджетига қараб, 23,1 фоиз — эллик миллион сўм, 19,5 фоиз — юз миллион сўм, 5,9 фоиз — беш юз миллион сўм деб жавоб қайтарган. Шунингдек, баъзилар жавобларда 200–300 млн ёки 350 млн сўмни ҳам кўрсатган.

“Суннат тўй маросимини қанча маблағ эвазига ўтказиш мумкин?” деган саволга 53,5 фоиз — оила бюджетига қараб, 25,7 фоиз — ўттиз миллион сўм, 15,6 фоиз — юз миллион сўм, 1,6 фоиз — уч юз миллион сўм деб белгилаган. Айрим жавобларда эса “суннат тўйини умуман ўтказмаслик керак” деган фикр ҳам билдирилган.

“Тўй ва маъракаларнинг ихчам ўтказилишини таъминлашда кимлар фаол бўлиши лозим?” деган саволга 46,5 фоиз иштирокчи — барча давлат ва жамоат ташкилотлари, 25,1 фоиз — “Маҳалла еттилиги”, 8,4 фоиз — дин уламолари, 7,9 фоиз — нуронийлар, 4,1 фоиз — маънавият соҳаси вакиллари ва ижодкорлар деб жавоб берган.

“Қайси тарғибот усули самарали деб ўйлайсиз?” деган сўровга 48,8 фоиз — жарима ва таъсирчан чоралар, 16,6 фоиз — тарғибот роликлари, 10,7 фоиз — оилаларда учрашувлар, 8,5 фоиз — маъруза ва давра суҳбатлари, 6,4 фоиз — дин уламоларининг маърузалари деб қайд этган. Шунингдек, кўплаб фуқаролар мансабдор шахсларнинг шахсий намуна бўлиши муҳимлигини таъкидлаган.

Тўй ва маъракалардан тежалган маблағни нималарга сарфлаш мумкин?” деган саволга 47,4 фоиз — оила бюджети ривожи учун, 30,4 фоиз — фарзандлар таълимини қўллаб-қувватлаш учун, 5,3 фоиз — тадбиркорлик фаолиятига, 5,1 фоиз — кам таъминланган оилаларга ёрдам сифатида, 3,1 фоиз — омонат жамғармаларига йўналтириш керак, деган жавобни билдирган.

“Сиз яқин орада келин тўй ёки суннат тўйини ўтказмоқчисизми ва унга неча нафар яқинларингизни таклиф қилмоқчисиз?” деган саволга 40,2 фоиз — 200 нафар, 22,2 фоиз — ҳали ўйлаб кўрмаганман, 20,4 фоиз — 150 нафар, 11,6 фоиз — 500 нафар, 2,6 фоиз — 700 нафар кишини таклиф қилиш режасида эканлигини билдирган.

Якуний саволда — “Тўй ва маъракаларни ихчамлаштириш бўйича қандай таклифларингиз бор?” деган сўровга иштирокчилар қатор фикрларни билдиришган. Улар орасида қонуний чора кўриш, жарима қўллаш, меҳмонлар сонини қисқартириш, келин-куёв томоннинг ўзаро келишувини кучайтириш, маҳалла ва жамоат фикрини инобатга олиш, тўйхона эгаларини жавобгарликка тортиш, оила даврасида тўй ўтказиш, тўйлар рўйхатини “Маҳалла еттилиги” томонидан юритиш, шунингдек, ижтимоий тармоқларда дабдабали тўйларни кам ёритиш, исрофгарчиликнинг зарарларини тушунтириш, тўй дастурхонидаги егуликларни қисқартириш каби таклифлар илгари сурилган.

Ўтказилган сўровнома натижалари тўй ва маъракаларда ортиқча дабдабабозликка оила аъзоларининг, айниқса, аёлларнинг таъсири катта бўлса-да, бу ҳолат бутун жамиятнинг умумий маданий ва маънавий муҳити билан ҳам боғлиқ эканидан далолат беради. Аҳоли орасида манманлик, кўз-кўз қилиш ва “ким ўзар” каби иллатлар ҳали ҳам мавжудлиги маълум бўлди. Шу боис, тўй ва маросимларни ихчам, мазмунан бой ва оддий руҳда ўтказиш бўйича кенг жамоатчилик, давлат ва диний ташкилотлар ҳамкорлигида тизимли тарғиботни кучайтириш, ёш авлод онгида тежамкорлик ва маънавий масъулият туйғусини мустаҳкамлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Ғофуржон Бобобеков,

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бош мутахассиси.